Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида матбуот анжумани ўтказилди. Унда мамлакат тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётан ишлар ҳақида сўз юритилди, деб хабар беради ЎзА.

Foto: UzReport

Фото: UzReport

Айни пайтда тармоқда 2500 дан ортиқ экспорт қилувчи корхона самарали фаолият юритиб, уларда юз мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Бу корхоналарда газлама ва матолар, тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари, замонавий чойшаблар, гиламлар ва бошқа рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Сўнгги ўн йил ичида тармоқда изчил ўсиш суръатлари таъминланиб, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,3, маҳсулотлар экспорти қарийб тўрт баробарга ўсди. Ишлаб чиқариш таркибида тайёр маҳсулотларнинг улуши 65 фоиздан ортди. Бугунги кунда енгил саноат маҳсулотларининг экспорти қиймати йилига 1 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ҳамда тайёр кийим-кечак маҳсулотлари жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Мамлакатда мазкур соҳани янада ривожлантириш мақсадида сифат ўзгаришларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, умуман тўхтаб қолган эски ип-йигирув комбинатлари ўрнига замонавий технологиялар билан жиҳозланган хорижий ва қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Тармоқнинг кўплаб корхоналари модернизация қилинди, уларда халқаро андозалар даражасидаги товарлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди. Тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар уларнинг ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашига имкон яратмоқда.

2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш дастури асосида тўқимачилик саноатида умумий қиймати қарийб 1 миллиард долларга тенг бўлган 77 муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.

Мазкур дастурга мувофиқ, Asaka Textile Production корхонасида бўялган ип калава, Indorama Kokand Textile қўшма корхонасида ип калава ишлаб чиқаришнинг тўртинчи босқичи, Jizzax Grant Textile корхонасида пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби янги қувватлар фойдаланишга топширилди. Uztex Toshkent ва «Ҳумо тўқимачи» корхоналарига замонавий ускуналар ўрнатилиб, модернизация қилиш ишлари якунига етказилди.

2017–2021 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш дастури асосида умумий қиймати 2,2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 140 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Анжуманда мутахассислар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.