Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси 14 декабрь, чоршанба куни Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси вақтида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон парламентидаги манба «Дарё»га маълум қилди.

Foto: O‘zА

Фото: ЎзА

Хабар беришларича, 14 декабрь Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтади. Унда 4 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайловида ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида қасамёд қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ, 9 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси (МСК) Ўзбекистон Президенти сайловининг якуний натижаларини расмий тарзда эълон қилган эди. Унга кўра, ЎзЛиДеПдан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини қўлга киритиб, сайловда ғолиб чиқди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун 39-моддасига мувофиқ, Президент МСК томонидан сайлов натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришиши лозим.

Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддасига кўра, Президент Олий Мажлис йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади: «Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.