Тўғри овқатланиш – соғлом турмуш тарзи асосидир. У организмдаги кўплаб касалликлар ва ноқулайликларни бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, гўзалликни, яъни терининг соғломлиги, юз рангининг тиниқлиги ва қоматнинг хушбичимлигини таъминлайди.

Foto: “Layfxaker”

Фото: «Лайфхакер»

Ҳар 3 соатда, бир кунда 5 маҳал, оз-оздан овқатланишга ўрганинг. 200 граммдан кўп кетмайдиган кичкина ликопча ҳамда унга мос қошиқча ва санчқи сотиб олинг.

Нонушта учун бўтқа (яхшиси – сули ёрмасидан), ачитилган сут маҳсулотлари ва мевалар истеъмол қилиш тавсия қилинади. Меваларни асосий овқатдан 20—30 дақиқа кейин еганингиз маъқул. Парҳез шифокорлари тушликка оқсил ва (хом ёки димланган) сабзавот истеъмол қилишни тавсия этади. Оқсил сифатида ёғсиз гўшт, балиқ, жигар ёки тухум ейиш мумкин. Кечки овқатга эса, бир ликопча ёғсиз творог ёки бир пиёла ёғсиз қатиқ ичганингиз маъқул. Уч маҳал асосий овқатланишлар орасида, икки марта енгил тамадди қилиш керак. Бу тамаддиларга, мевалар, ёнғоқ ва йогуртлар киради.

Ҳар овқатланишдан 20 дақиқа олдин бир пиёладан сув ичинг. Овқатланаётганда ва ундан кейин 40 дақиқа давомида сув ичмасликка ҳаракат қилинг. Бир кунда эса, 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув ичишингиз зарур. Бундан ташқари, бир чой қошиқ асал билан кўк чой ичиш ҳам тавсия этилади.

Агар ширинликни жуда яхши кўрсангиз, куннинг биринчи ярмида, унча ёғли бўлмаган пишириқдан озроқ ейишингиз мумкин. Шакарни асалга алмаштирганингиз маъқул. Катталар бир суткада 1—2 чой қошиқ асал истеъмол қилиши мақсадга мувофиқдир.

Олий навли ун маҳсулотларидан бутунлай воз кечинг: олимлар унинг организм учун ҳаддан ташқари зарарли эканлигини исботлади. Яхшиси, жавдар ёки қора нонни танлаганингиз маъқул.