Юбка ва кўйлаклар аёлларга ҳақиқий кўрк бағишлайди. Улар ёрдамида нафақат нафосат ва нозикликка урғу бериш, балки ортиқча сантиметрларни яшириш ҳам мумкин. Асосийси, уларнинг тўғри бичимдагисини танлаш. Сизни гўзал ва назокатли қилувчи юбкаларни танлаш қоидалари билан қуйида танишишингиз мумкин.

yubka1

Хушбичимлик бағишловчи юбкалар

Сизга назокатли кўриниш берувчи асосий бичим — пастки қисмига қараб торайиб борувчи юбкадир (юбка-карандаш). Унинг узунлиги тиззаларни бироз ёпиши ёки яна озгина узунроқ бўлиши мумкин.

Ундан узунроқ юбка қоматингизга бесўнақай кўриниш бериши мумкин. Юбка узунлиги бўйи пастроқ бўлган қизлар учун муҳим рол ўйнайди. Болдирни ёпиб турувчи юбка оёқларни янада калта қилиб кўрсатади.

Юқоридаги бичимдан ташқари пастки қисми қўш этакли тор юбка ҳам нозик кўриниш беради.

Қоматни нозик кўрсатувчи безаклар

Вертикал жойлашган ҳар қандай безак қоматни нозик кўрсатади. Булар узун вертикал қатор шаклида тикилган кичик тугмалар ҳам бўлиши мумкин.

Ранг ва матолар

Агар юбка сизни хушбичим кўрсатишини истасангиз, тўқ рангдагисини танланг. Улардан қора ранглиси албатта биринчиликни эгаллайди. Бироқ бошқа ранглар: тўқ қизил, тўқ кўк, тўқ яшил, қаҳваранг, тўқ кулранг ва бинафшаранг юбкаларни ҳам танлаш мумкин.

Креп, габардин ва трикотаж матолар бундай юбкалар учун мос келади. Тери ва замш юбкалар ҳам башанг кўринади. Фақат уларда ортиқча деталлар бўлмаслигига аҳамият қаратинг.

Шунингдек, эластикли матоларни ҳам танлаш мумкин. Муҳими, мато таркибида унинг улуши 5 фоиздан ортиқ бўлмаслиги керак, акс ҳолда уларни кийиш ноқулайлик туғдиради.

Пахта ва вискоза эса озғинроқ кўринишни истовчилар учун омадсиз танловдир — улар айнан озғин қомат соҳибаларига мос келади.