Бугун — 6 январь куни Миллий олимпия қўмитасининг ХХХ бош ассамблеяси йиғилиши бўлиб, унга кўра «Ўзбекнефтегаз» миллий холдинг компанияси раиси Алишер Султонов ташкилот президенти лавозимига сайланганди.

Foto: MOQ

Фото: МОҚ

МОҚ матбуот хизмати хабарига кўра, ассамблеяга Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам ташриф буюрган. Йиғилишда спорт федерациялари ва таниқли спортчилар таклифига кўра, Мираброр Усмонов Миллий олимпия қўмитасининг фахрий президенти этиб тайинланган. Ўз навбатида ўтган давр мобайнида қўмитага раҳбарлик қилган Мираброр Усмоновга бутун спорт жамоатчилиги ва олимпия ҳаракати иштирокчилари номидан миннатдорчилик изҳор этилган.

Foto: MOQ

Фото: МОҚ

МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ҳисоботида 2013—2016 йиллар давомида МОҚ харажатлари 46,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилгани айтилган. Бу маблағ Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида» 2013 йил 25 февралдаги 1923-сонли қарори асосида қилинган ишлар ва қўлга киритилган ютуқлар учун сарф этилган.

Foto: MOQ

Фото: МОҚ

Мираброр Усмонов Рио—2016 Олимпиадаси цикли бошланган бир вақтда МОҚ президенти этиб тайинланган бўлиб, унинг раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Олимпиадалар тарихидаги энг яхши натижасини қайд этганди.