Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида бўлиб ўтган ташкилотнинг ХХХ бош ассамблеясида МОҚ президенти этиб Алишер Султонов сайланди. Бу ҳақда «Оламспорт» хабар берди.

Foto: “O‘zbekneftgaz” matbuot xizmati

Алишер Султонов. Фото: «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати

1967 йилда таваллуд топган Алишер Султонов 2015 йилнинг август ойида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясига раҳбар этиб тайинланганди. Энди бир вақтнинг ўзида Миллий олимпия қўмитасини ҳам бошқаради.

2013 йилдан буён МОҚ президенти сифатида ишлаб келган Мираброр Усмонов эса Ўзбекистон футбол федерацияси президенти сифатида фаолиятини давом эттиради.

Ассамблеяда МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов чиқиш қилиб, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар борасида ҳисобот берди. Сўзининг якунида эса Токио—2020 Олимпиадаси цикли бошлангани билан барчани муборакбод этди.

Маълумот учун, Мираброр Усмонов Рио—2016 Олимпиадаси цикли бошланган бир вақтда МОҚ президенти этиб тайинланган бўлиб, унинг раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Олимпиадалар тарихидаги энг яхши натижасини қайд этганди: 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.