Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланган Алишер Султоновга ташкилотни бошқариш ишларида 4 нафар вице-президент ёрдам беради: Валерий Тян, Салим Абдувалиев, Фарҳод Турдиев ва Умид Аҳмаджонов. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати маълумот берди.

Foto: MOQ

Фото: МОҚ

Валерий Тян, Салим Абдувалиев ва Фарҳод Турдиев бунга қадар МОҚ президенти вазифасида фаолият олиб борган Мираброр Усмонов даврида ҳам вице-президент лавозимида ишлаган. Энди улар сафига Умид Аҳмаджонов ҳам қўшилди.

Аввалги 9 нафар вице-президент орасидан Малик Бобоев, Александр Фармонов, Людмила Поливанова, Жасур Акрамов ва Очилбой Раматов номзодлари бу сафар кўрсатилмаган. Қайд этиш керак, Мираброр Усмонов МОҚ президенти сифатида фаолият олиб борганида ташкилотнинг эндиги президенти Алишер Султонов ҳам вице-президентлар қаторига киритилганди.

Маълумот учун, МОҚ бошқарувида ёрдам берадиган вице-президентлардан Валерий Тян «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори ҳисобланади. Салим Абдувалиев эса Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси сифатида фаолият олиб боради. Янги қўшилган Умид Аҳмаджонов Миллий паралимпия ассоциацияси раисининг ўринбосари ҳисобланади.

Ташкилот бош котиби Ойбек Қосимов ўз лавозимига қайта сайланди ва фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Foto: MOQ

Фото: МОҚ