Қозоғистон президентининг невараси Ойсултон Назарбоев мамлакатда ҳукуматнинг олий эшелонларини порахўрлардан тозалаш операцияси кетаётганини айтди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида ёзди.

Foto: Aisultan Nazarbayev / Facebook

Фото: Aisultan Nazarbayev / Facebook

Унинг сўзларига кўра, жараёнга Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов раҳбарлик қилмоқда. «Ҳеч қаерда ‘халқ душмани’ деган ибора ишлатилмай қўйган, аммо бу олий эшелоннинг ўғри мансабдорларига нисбатан жуда ўринли деб ўйлайман. Улар бир-бирига эмас, айнан халққа ёмонлик қилаётгани учун», — дея қайд этди давлат раҳбарининг невараси.

У Миллий банк раиси Дониёр Акишев ва президент маъмурияти раҳбари Одилбек Жаксибековларнинг қўл остида ишлайдиганлар оғир жиноятларни амалга оширишда гумон қилинаётганига эътибор қаратди.

У, шунингдек, Қозоғистонда кўчада кетаётган ҳар қандай киши халқнинг бор-йўғини ўгирлашда бош вазирнинг ижтимоий тараққиёт, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари Имангали Тасмагамбетов ҳамда банкир, мамлакатдаги энг бадавлат киши Булат Утемуратов иштирок этаётганини билишини қўшиб қўйди.

«Бундай фамилиялар аслида унчалик кўп ҳам эмас. Шунчаки, улар келтириб чиқараётган негатив мамлакатни қандайдир қалин булутлар билан қоплаб олмоқда», — деди Ойсултон Назарбоев.