Ёш билан боғлиқ ўзгаришлар одатий жараёндир ва тери аввалгидек таранглигини йўқотганлиги учун хафа бўлиш ярамайди. Бироқ қариш жараёнига таслим бўлиш ҳам керак эмас. Юз ҳолатини яхшилаш ва уй шароитида ажинлардан қутулишда сизга фейс-фитнес кўмак беради.

ajinlar

Фейс-фитнесни қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар деярли йўқ. Бу оддий машқлар комплекси бўлиб, юз мушакларини мустаҳкамлаб, унинг турли соҳаларидаги ажинларга қарши курашади. Машқлар кўп вақтингизни олмайди, асосийси уларни мунтазам бажариб туриш лозим.

Бурун ва лаб соҳасидаги ажинлар фаол мимика ва артикуляцияга эга, жилмайиб турадиган кишиларга хос. У ўсмирлик пайтиданоқ мушаклар қатламида шакллана бошлайди ва ёш ўтиши билан кўпроқ сезила бошлайди.

Ҳар иккала қўлингизнинг кўрсаткич бармоғини бурун-лаб бурмаларига қўйинг ва оҳисталик билан юзингизни юқорига ва икки томонга босинг. Юзингизни юқорига кўтаргандек бўласиз. Бурун-лаб ажинларига бир ҳафта давомида кунига бир дақиқадан вақт ажратинг. Натижа сизни узоқ куттирмайди.

Қовоқ уюшни яхши кўрасизми? Бекор қиласиз! Қошлар ўртасидаги ажинларни кетказиш осон иш эмас. Бироқ уриниб кўриш мумкин. Ойнага қараб жаҳлингиз чиққандек хўмрайинг. Қошларингиз ўртасида пайдо бўлган бурмаларни кўрдингизми? Энди улар пайдо бўлган жойга кўрсаткич ва ўрта бармоғингизни бирлаштириб, босиб туринг. Қошларингизни яна тириштиришга ҳаракат қилинг. Тарангликни бир дақиқа давомида сақлаб туринг.

Бўйин соҳасидаги ажинлар учун қуйидаги машқларни бажаришни тавсия этамиз. Бўйнингизни чўзиб, юқорига қаранг. Бошингизни аввал бир томонга, кейин бошқа томонга буринг. Ҳаракатларингизни аста-секинлик билан, шифтдаги суратларни томоша қилгандек бажаринг. Машқни ўн марта бажаринг.

Кўз остидаги шишлар — тўйиб ухламаслик, доимий стресслар ва ёмон экология сабабли юзага келадиган муаммолар. Бармоқларингизни кўз бурчакларига: кўрсаткич бармоқларни ташқи, ўрта бармоқларни ички бурчакларга қўйинг. Уларни енгил босиб, юқорига қаранг ва кўзларингизни қаттиқ қисинг.

Интернет манбалари асосида тайёрланди.