YouTube маъмурияти сабабларини тушунтириб бермаган ҳолда, Шимолий Кореянинг янгиликлар ва кўнгилочар каналларидан ёзиб олинган лавҳаларни эълон қилган иккита аккаунтни блоклаб қўйди, деб ёзади TJournal. Аккаунтлардан бирига беш мингдан ортиқ киши обуна бўлган, иккинчисига эса ёпиқ мамлакат ҳаёти ҳақида 350 га яқин ролик жойланган эди.

Foto: Reuters

Фото: Reuters

17 январь куни YouTube маъмурияти огоҳлантирмасдан туриб, Япония фуқароси Эмиль Трусковскийнинг Шимолий Корея бўйлаб саёҳат мавзусидаги роликлардан иборат аккаунтини ёпиб қўйди. Бир неча соатдан кейин фойдаланувчига унинг аккаунтини қайта тиклаб бўлмайдиган қилиб ўчириб ташлашгани ҳақида билдиришнома келди.

Шу куниёқ огоҳлантиришсиз вьетнамлик миллатчи Ву Нам Фионгнинг Шимолий Корея телеканалларидан трансляция ёзувлари эълон қилинган канали блоклаб қўйилди. Аккаунтнинг ўчирилишини маъмурият роликлар YouTube тематикасига мос эмаслиги билан изоҳлади.

Фионгнинг ўзи роликлар АҚШ ҳукумати томонидан Шимолий Кореяга нисбатан киритилган санкциялар туфайли ўчирилганини тахмин қилди.

Бунда гап 2016 йил мартида жорий қилинган ва АҚШ ҳудудидаги ҳар қандай одам ёки компанияга Шимолий Кореянинг Ғазначилик, тарғибот ва ташвиқот департаменти билан иш олиб боришини тақиқлайдиган санкциялар ҳақида бормоқда, ушбу департамент, хусусан, телевидение учун ҳам жавоб беради.