Севимли джинсингиз сиғмай қолган ва бир неча қаватга чиқиш ҳам нафас сиқилишига сабаб бўлаётган бўлса, ортиқча бир неча килограммдан қутулишнинг айни вақтидир. Агар машқлар учун вақтингиз йўқ, диеталарга эса амал қила олмасангиз, миянгизни «чалғитиб», камроқ ейишнинг бир нечта оддий усуллари мавжуд.

ozish

Кичкина тарелкадан таом тановвул қилинг

Тарелкангиз қанчалик катта бўлса, унга шунча кўп овқат соласиз. Табиийки, кўпроқ ейсиз ҳам. Катта тарелкадан камроқ овқат есангиз, оз егандек ва тўймагандек бўласиз. Тарелкани кичигига алмаштирсангиз ундаги таомни тугатишингиз билан ўзингизни тўқ ҳис қиласиз.

Ёнингизда доим сув олиб юринг

Бирор иш билан бандлигингизда кўпинча ўйлаб ҳам ўтирмасдан газли сув ёки қаҳва билан чанқоғингизни босасиз. Ёнингизда доим оддий сув олиб юришга ҳаракат қилинг. Масалан, уни иш столингизга қўйишингиз мумкин. Сув қўл чўзса етадиган масофада турса, уни кўпроқ ичасиз. Кунига 1,5—2 литр сув ичиш эса моддалар алмашинувини яхшилайди, организмни тозалаб, ёғ қатламларидан осонроқ қутулиш имконини беради.

Ранги овқат рангидан кучли фарқланувчи тарелкадан фойдаланинг

Тарелка ранги таом ранги билан мос тушганда сиз автоматик равишда унга кўпроқ овқат соласиз. Чунки миянгиз овқат порциясини тарелкадан фарқлашга қийналади.  Шунинг учун кўк ёки яшил рангли тарелкалардан фойдаланишни тавсия этамиз. Улар макарон ёки картошка рангидан яхшигина фарқ қилади (демак, улардан камроқ соласиз).

Фойдали маҳсулотларни кўринадиган жойда сақланг

Масалан, мевалар ёки ёнғоқ солинган идишни кириш эшиги ёнидаги жавонда ёки уйдан чиқишдан олдин албатта ёнидан ўтадиган жойда сақланг. Шошаётган ва оч бўлсангиз, албатта биринчи учраган нарсани ўзингиз билан олишга ҳаракат қиласиз.

Зарарли таомларни фольгада сақланг

Зарарли таомларни кўринмайдиган, фойдали маҳсулотларни эса аксинча шаффоф ўрамда сақлашга ҳаракат қилинг. Чунки мия нима емоқчи эканлигингизни аксарият ҳолларда кўз кўриб турган нарсалардан аниқлайди. Шу тариқа зарарли маҳсулотларни кўринмайдиган жойда сақласангиз, уларни тановвул қилиш истаги ҳам пайдо бўлмайди. Худди шу сабабга кўра, ошпазлик кўрсатувлари ва таомлар ҳақидаги фильмларни томоша қилишга кўп ҳам берилманг: улар ҳам иштаҳани очади.