Жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Даврон Хидоятов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда қўмита раиси хусусийлаштириш дастури ҳақида, шунингдек, корпоратив бошқарув ва хусусийлаштириш соҳасидаги амалиётга тадбиқ этилаётган янгиликлар тўғрисида батафсил маълумот бериб, бугунги кунда кенг миқёсда амалга оширилаётган IPO дастурлари ва инвесторлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш механизмиларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Суҳбат давомида томонлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўллари ҳақида фикр алмашди. Хусусийлаштириш дастури Ерик Утембаевда катта қизиқиш уйғотди ва унга ўз мамлакатининг ишчи доираларини кенг жалб қилиш керак эканлиги таъкидланди. Инвесторлар учун қизиқарли соҳалар сифатида кимё саноати, туризм, транспорт, қурилиш материаллари, молиявий ва бошқалар кўрсатиб ўтилди.

Учрашув сўнггида томонлар ҳамкорликни кучайтириш юзасидан бир қатор аниқ чора-тадбирлар, жумладан, мутасадди ташкилотлар ўртасида алоқаларни кучайтириш, ташкил этилаётган бизнес форумларда иштирок этиш, тадбиркорларнинг ишчи сафарларини ташкил этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни ташкил этиш орқали инвесторларнинг қизиқишларини уйғотиш кабилар белгилаб олинди.

«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!