1960 йил 23 февраль куни Токиода маҳаллий вақт билан 16:15 да ўша вақтдаги император тахти вориси, ҳозирда эса Япония императори Акихитонинг биринчи фарзанди — Нарухито дунёга келди. Бугунги кунда шаҳзода Япония жамоатчилиги томонидан биринчи навбатда бўлажак император сифатида қабул қилинмоқда — ўтган йили унинг отаси истеъфо бериш истагини маълум қилган эди. Нарухитонинг 52 ёшга тўлиши арафасида «ТАСС» унинг таржимаи ҳоли ва қизиқишлари борасидаги баъзи тафсилотларни келтириб ўтди.

Foto: EPA

Фото: EPA

Императорнинг хотини Митико валиаҳд шаҳзода Нарухитони Токио Император саройи ҳудудига вақтинчалик қурилган госпиталда дунёга келтирди, иморатнинг катта қисми Иккинчи жаҳон уруши чоғида иттифоқдошлар кучлари томонидан уюштиирлган бомбардимонларда вайрон бўлган эди.

Болалигидан шаҳзода мусиқа, теннис, қояга чиқиш, от миниш ва бейсбол билан қизиққан. У 14 ёшга тўлганида Акихито Япония император уйи тарихидаги мислсиз қадамни қўйишга қарор қилди: Нарухитони Австралияга бизнесмен Колин Харпернинг уйида яшаш учун бир йилга юборди.

Шаҳзода Япониянинг 1847 йилда асос солинган Гакусюин университетида жами 18 йил давомида ўқиб, бошланғич синфдан тарих бўйича бакалавр даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди, ўрта асрлар Япониясидаги сув транспорти бўйича дипломни ҳимоя қилди.

1983—1986 йилларда Нарухито Оксфорд университети қошидаги Мертон коллежида ҳам сув транспорти тарихини ўрганди, 1988 йилда эса Гакусюин университетида тарих бўйича магистр дипломини ҳимоя қилди. У Англиядаги ҳаёти ҳақида «Темза ва мен: Оксфорддаги икки йиллик умрим» номли китоб ёзди.

Нарухито сув экотизимлари муаммоларига алоҳида эътибор қаратади ва бу мавзуда тез-тез илмий маърузалар билан чиқиш қилади. У, шунингдек, хайрия билан шуғулланади ва бир нечта фахрий мансабларни эгаллаб келади.

1993 йилда валиаҳд шаҳзода собиқ дипломат ва БМТ Халқаро суди раҳбарининг қизи Масако Овадага уйланди, 2001 йилда қиз фарзандли бўлди.

1990 йиллардан Нарухито хорижга расмий ташрифлар чоғида ўз мамлакатига вакиллик қила бошлади. Акихито императорликдан кетиш ҳақидаги якуний қарорини эълон қилгач, Нарухито Япониянинг 126-императорига айланади. Ундан кейин тахтни укаси Фумихито эгаллайди, ундан эса тахт ўғли Хисахитога мерос бўлиб қолади.