Европа Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ўтказган Туриннинг «Ювентус» клуби нимчорак финалда ҳам шу юришини давом эттирди ва Португалияда «Порту» устидан зафар қучди.

Foto: Getty Images

Фото: Getty Images

Биз 5 дақиқагина босим остида ҳаракатландик. Қолганида эса ўйинни тўлиқ назорат қилдик.

Сабрли бўлдик. Рақиб ҳимоясини ёриб ўтишни кутиб ўйнадик ва мана энди ортга муҳим ғалаба билан қайтмоқдамиз. Ҳисоб 3:0 бўлиши ҳам мумкин эди, бироқ 2:0 ҳам бизни қониқтиради.

Бугун биз ёрқин ўйин намойиш эта олдик, жамоа ажойиб формада. Шу боисдан ҳам «Порту»га осон бўлди деб атай олмайман.

Мен мавсум давомида жамоа тактикасини ўзгартириб бордим, чунки бизга янги ғоялар керак эди. Энди унга кўникиб, ўзимизга бўлган ишончни ошириб олишимиз керак. Ишонаманки, жамоа янада кўпроғига қодир.

Массимилиано Аллегри, «Ювентус» бош мураббийи

Foto: Getty Images

Фото: Getty Images

«Ювентус» Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида «Севилья», «Лион» ҳамда Загребнинг «Динамо» клубларига қарши кураш олиб борди. Ўйинларнинг 2 тасида дуранг ўйнади ва 4 тасида зафар қучиб, гуруҳни етакчи сифатида якунлади. Қизиқ томони, ҳар икки дуранг Туринда — Франция ва Испания клубларига қарши ўйинларда қайд этилди.

«Порту»га қарши ўйинни эса мураббийнинг ғалабаси дейиш ўринли. У иккинчи бўлимда иккита ўзгаришга қўл уриб, ўйин тақдирини ҳал қила олди. 67-дақиқада мутахассис майдонга Марко Пьяцани туширди. Футболчи 5 дақиқа ичида ҳисобни очди.

72-дақиқага келиб Аллегри захирадан Даниэль Алвесни ўйинга қўшди. Алвес эса биринчи зарбасидаёқ «Порту» дарвозасига иккинчи голни урди.

Ҳозирданоқ қўлни тушириш ва таслим бўлиш ярамайди. Бизга жавоб ўйинида қийин бўлади, бироқ уддалаб бўлмайдиган иш қилганимизча йўқ.

Мухлисларга қўллаб-қувватлаш учун раҳмат айтаман. Бир киши кам қолганимизда ҳам улар олдинга бошлаб туришди.

Четлаштириш вазиятида ҳакам бошқачароқ қарор қабул қилиши ҳам мумкин эди. Бироқ бундай қарорлар бизнинг ўсишимиз учун ёрдам беради. 10 киши ўйнаш ҳар доим оғир.

«Ювентус»нинг захирадиган тушган футболчилари гол урганига келсак, буни шунчаки тасодиф деб ҳисоблайман.

Нуну Эшпириту Санту, «Порту» бош мураббийи

Foto: Getty Images

Фото: Getty Images

Маълумот учун, «Ювентус» Массимилиано Аллегри бошқарувида 2015 йилги мавсум Чемпионлар лигасининг финалига қадар етиб келган ва ҳал қилувчи ўйинда «Барселона»га имкониятни бой берганди.