Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш тўғрисидаги қарори аҳоли яшаш шароитларини яхшилашда янги босқични бошлаб берди. Миллий матбуот марказида Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди, дея хабар беради ЎзА. 

Foto: O‘zA

Фото: ЎзА

Ҳар бир массивнинг бош режасида хизмат кўрсатиш объектлари, спорт майдончалари ва муҳандислик тармоқлари, ҳовли қисмида болалар майдони, уй эгалари дам олишлари учун шароитлар эътиборга олинган. Энергияни тежайдиган маҳаллий материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишнинг янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйларнинг таннархи пасайиши ҳамда аҳолининг барча қатлами учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда. 

Барча уйларнинг сейсмик жиҳатдан зилзилабардошлиги 7-8 баллга мўлжалланган. Бунинг учун лойиҳаларда темирбетон боғламалар, деворлар кесишиш бурчакларини бўйлама ва кўндаланг армокаркаслар билан мустаҳкамлаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Асомиддин Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ўринбосари 

Лойиҳаларда канализация тизими алоҳида чиқиндихонага уланишига эътибор қаратилган. Сув таъминоти қийин бўлган ҳудудларда эса ҳар бир хонадонга алоҳида қўшимча зарурий бинолар қурилади. 

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойларни қуришда талабгорларни танлаб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни дастлабки танлаш бўйича тизимнинг очиқлиги ва ишончлилиги тамойилидан келиб чиқиб амалга оширилади.

«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!