Қозоғистоннинг «СариаркаАвтоПром» (Костанай) компанияси март ойининг охиридан GM Uzbekistan автомобилларини йиғишни йўлга қўяди.

«Газета.uz»нинг хабар беришича, бу ҳақда пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 16-мажлиси доирасида «СариаркаАвтоПром»ни ҳам ўз ичига олган Allur Group директорлар кенгаши раиси Андрей Лаврентьев маълум қилди.

Foto: “Gazeta.uz”

Фото: «Газета.uz»

«Ҳамма синовлар ўтказиб бўлинди, энди GM Korea томонидан лойиҳа бўйича лицензион битим имзоланишини кутяпмиз, 22 мартга бориб ишлаб чиқаришга шай ҳолатда бўламиз», — дейди Андрей Лаврентьев.

Унинг таъкидлашича, 2016 йилнинг охирида «СариаркаАвтоПром» ҳамда GM Uzbekistan компаниялари Асакадаги заводнинг автомобилларини Қозоғистон ҳудудида кенг тармоқли йиғишни йўлга қўйиш бўйича битим имзолаган.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Foto: «Дарё» / Мадина Нурман

Биринчи босқичда Костанайда йилига 7000 дона Ravon Nexia R3 седанларини йиғиш имконига эга ишлаб чиқариш қувватлари йўлга қўйилади. Кейинчалик иккинчи модель — Spark ҳам ишлаб чиқарилиши мумкин. Ҳозирда сертификатлаштириш масаласи кўрилмоқда, дейди Allur Group раҳбари.

Йиғилишда Ўзбекистон томони қўшни мамлакат ҳудудида йиғилган автомобилларни Қозоғистон ҳудудида дилерларгача етказиб бериш учун маълум бир субсидиялар тақдим этиш имкониятлари ва Қозоғистонда GM Uzbekistan автомобилларини ишлаб чиқариш ва сотишни ташкил этишга, хусусан, Қозоғистон Тараққиёт банки молиявий ресурсларини жалб этиш масалаларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!