Жорий йилнинг 19—21 февраль кунлари Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов Москва шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг 110 йиллик юбилейида иштирок этди, деб ёзади «Telegraf.uz».

Foto: “Telegraf.uz”

Фото: «Telegraf.uz»

Юбилей тадбири университет ректорат биносининг катта анжуманлар залида бўлиб ўтди ва унда университет илмий кенгаши аъзолари, таклиф этилган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ҳамда Ўзбекистон томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги мухтор элчиси Б.Ашрафхонов ва Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори Қ.Абдураҳмонов иштирок этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон-Россиянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришда икки давлат олий таълим муассасалари алоқаларини кенгайтиришдаги ҳамда республикамизнинг иқтисодий ва молия соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги улкан ҳиссаси, шунингдек, университет ташкил топганининг 110 йиллик юбилейи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги «В.И.Гришинни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш ҳақида»ги ПФ-4959-сонли фармони ва табриги ўқиб эшиттирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ректори В.И.Гришинга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев номидан «Дўстлик» ордени ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги мухтор элчиси Б.Ашрафхонов ва Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори Қ.Абдураҳмонов В.И.Гришинни табриклаб сўзга чиқди.

Тадбир давомида университет ректори В.И.Гришин ушбу юксак мукофотни нафақат ўзига, балки барча университет жамоаси аъзоларига топширилган мукофот сифатида қабул қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон Ҳукумати томонидан билдирилган ушбу эътибор ва ҳурмат учун чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда келгусида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида самарали хизмат қилишини қайд этди.