АҚШ президенти Дональд Трамп ИШИД террорчилик ташкилотини йўқ қилиш бўйича янги режани ишлаб чиқиш доирасида Суриядаги террорчилар билан курашда фаолроқ қатнашишга қарор қилиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб маълум қилди, деб ёзади «Коммерсантъ».

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Манбаларга кўра, биринчи навбатда Трамп Барак Обама томонидан Сурия мўътадил мухолифат кучларини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқиши ёки бекор қилиши мумкин.

Шу билан бирга, АҚШнинг янги стратегияси ИШИДга қарши кураш бўйича коалицияга янги шерикларни қўшишни кўзда тутади. Тузилаётган режа доирасида Вашингтон Сурияда нафақат Россия билан жанговар ҳаракатлар координациясини бошлаши, балки Анқарадан ҳам кўмак олиши мумкин. WP маълумотларига кўра, Туркия Америка ҳарбийларига Суриянинг Ракка шаҳрида ИШИДга қарши операциялар учун артиллерия ва транспорт тақдим этиши мумкин.

Аммо, нашр таъкидлашича, АҚШ бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш учун қатор муаммоларни ҳал этиши керак. Масалан, Туркия билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун, АҚШ нафақат қуруқликдаги қўшинлар сонини кўпайтиришига, балки ўзининг ҳужум стратегиясидан воз кечишига тўғри келади.