Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Лондон Қироллик коллежи билан ҳамкорликда умр давомийлиги билан боғлиқ тадқиқот ўтказди. Бу ҳақда National Geographic хабар бермоқда.

Foto: Jahon sog‘liqni saqlash tashkiloti axborot xizmati

Фото: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборот хизмати

Тадқиқот натижалари 2030 йилга бориб одамзот 80—90 ёшни бемалол босиб ўтишини кўрсатди. Мутахассислар узоқ яшашга мойилликни 65 ёшдан сўнг ҳаёт даражасининг яхшиланиши билан боғламоқда.

Натижада дунёнинг 35 та ривожланган мамлакатида одамлар янада узоқ яшаши кутилмоқда. Бундан ташқари, аёллар ва эркаклар яшаш даражаси ўртасидаги тафовут қисқариши ҳам прогноз қилинмоқда.

Тиббиёт соҳасининг яхши ривожлангани ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзининг кенг тарқалгани кузатилаётган Жанубий Кореянинг 2030 йилга бориб узоқ умр кўрувчилар сони бўйича биринчиликни ўрнатиши кутилмоқда. Бунда эркаклар учун ушбу кўрсаткич 84 ёшга, аёллар учун эса 90 ёшга тенг бўлади.

Ҳисоботга кўра, аҳолисининг узоқ яшаши билан бугунги кунда етакчи бўлган Япония Корея билан бир қаторда Франциядан ҳам ортда қолади.

Бошқа қатор мамлакатларда умр давомийлиги ўсишининг пасайиши кутилмоқда. Хусусан, АҚШда мазкур ҳолат аҳоли қатламлари даромадлари орасидаги тафовутнинг катталиги ҳамда мажбурий тиббий суғурталаш тизимининг мавжуд эмаслиги билан боғланмоқда. Шунга қарамай, АҚШда энг узоқ яшаш ёши ўртача 80—83 ёшни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Бу кўрсаткич Хорватия ва Мексикада ҳам кузатилади.

Буюк Британиянинг аёллари учун кўрсаткич 83 дан 85 га, эркак фуқаролари учун эса 79 дан 82 га кўтарилиши прогноз қилинмоқда.