Биз сиз учун замонавий ва сўнгги урфга мос, шу билан бирга ортиқча бежамдорликсиз кўриниш имконини берувчи долзарб трендларни тўпладик.

Foto: “2017god.org”

Фото: «2017god.org»

Учталик костюм

Пиджак, шим ва нимчадан иборат костюм ҳаммага ҳам керак эмаслиги тушунарли. Аммо агар сизда кунига тўрт-бештадан муҳим учрашувларингиз бўлса, бизнес бўйича шерикларингиз эса жиддий одамлар бўлса, башанг, мукаммал бичимдаги тройка костюм сизга жуда зарур. Яхшиси, бирйўла қимматбаҳо ва сифатлисини сотиб олиш ёки ательеда индивидуал ўлчамлар бўйича тикдириш керак.

Нима билан кийиш керак: классик оқ рубашка ва оксфордлар билан.

Катак-катак кийимлар

Шотланд катак-катак принти — мутлақ классика. Шундай экан, қора-қизил катакли рубашкаларни дадиллик билан сотиб олинг, ёки Etro услубидаги жигарранг ёки кулранг расмли сипо пальтоларни қидиринг.

Нима билан кийиш керак: тор шим, водолазка, свитерлар билан.

Икки бортли пиджак

Ҳа, классик блейзер ҳар бир эркакда бўлиши керак, аммо баъзан қиёфани янада қизиқарлироқ кийим-кечаклар билан тўлдириш керак. Масалан, икки қатор тугмали пиджак: у қиёфангизга замонавийлик ва янгилик бағишлайди. Шуни унутмангки, пиджакнинг фақат битта тугмасини ўтказиш керак.

Нима билан кийиш керак: рубашка, водолазка, жинси шим билан.

Бомбер

Бомберлар барча учун севимли бўлган қора чарм курткани сиқиб чиқармоқчи, шекилли: кўчаларда бундай учувчилар курткасини кийиб олган эркаклар тобора кўпроқ учрамоқда. Нима ҳам дердик, баҳор ва куз мавсуми учун ажойиб вариант.

Нима билан кийиш керак: тўқ рангли чинос ва футболка билан.