NASA астронавт аёли Пегги Уитсон космосда бўлиш давомийлиги бўйича барча америкаликлар орасида янги рекорд ўрнатди. Уч экспедиция давомида умумий ҳисобда 534 кун орбитада бўлган Уицон хоним Жефф Уильямснинг аввалги кўрсаткичини янгилади, деб хабар бермоқда Meduza.

АҚШ президенти Дональд Трамп астронавт Уитсоннинг қайд этган натижасини ақлбовар қилмас деб атаб, уни «Америка халқи ва бутун жаҳон номидан» табриклади.

Пегги Уитсон илк бор 2002 йили коинотга йўл олган. Орадан беш йил ўтиб у иккинчи марта Халқаро космик станцияга чиққан — бу сафар экспедиция командири сифатида. Уитсон иштирокидаги учинчи миссия 2016 йил ноябрида бошланган эди.

ХКСдаги экспедициялар давомида Уицон саккиз марта очиқ космосга чиқиб, у ерда умумий ҳисобда 53 соат давомида бўлган.

Космосда бўлиш давомийлиги бўйича мутлақ рекорд россиялик космонавт Геннадий Падалкага тегишли — у умумий ҳисобда 878 кун давомида коинотда яшаган.

«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!