Инсоният Ердан ташқаридаги ҳаётни кашф қилиш ёқасида турибди. Бу ҳақда NASA директори ёрдамчиси Томас Цурбухен АҚШ конгрессидаги эшитишлар чоғида маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».

Foto: NASA

Фото: NASA

«Шунчалик кўп миқдордаги илм-фанларнинг ҳаёт қидириш билан боғлиқ фаолияти шунчалик кенг олиб бориладиган бир пайтда биз тарихдаги энг муҳим кашфиётлардан бирининг ёқасида турибмиз», — деди у.

Цурбухен NASAнинг бир қатор сўнгги ютуқларини, шу жумладан, Қовға юлдузлар туркумидаги TRAPPIST-1 юлдуз тизимида Ерга ўхшаш еттита сайёра топилганини тилга олди. «Фақат бизнинг Галактикамизда миллиардлаб сайёралар кашф қилинишини кутиб турибди», — дея ишонч  билдирди олим.

Унинг сўзларига кўра, NASA Ерда ҳаёт қандай пайдо бўлгани ва ривожлангани, қандай шароитлар коинотнинг маълум бир қисмларини ҳаёт шаклланиши учун яроқли ҳолатга келтириши ва ушбу оламларнинг Ердан ташқаридаги тақсимланиш салоҳияти қанақа эканлигини тушунишга қаратилган тадқиқотларни фаол тарзда қўллаб-қувватламоқда.