«Ўзавтосаноат» АК ва Peugeot Citroen гуруҳи ўртасида Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этиш бўйича келишув имзоланди.

Foto: Peugeot

Фото: Peugeot

  • Янги завод Ўзбекистондаги «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида қурилади;
  • 2019 йилдан эътиборан ички ва ташқи бозор учун йилига 16 000 та енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқарувчи Ўзбекистондаги эксклюзив корхонанинг лицензияси;
  • Лойиҳа Peugeot Citroen гуруҳи ва «Ўзавтосаноат» АК таркибидаги маҳаллийлаштириш дастури бўйича иш олиб борувчи корхоналарнинг платформа ва технологиялари асосида ташкил этилади.

Янги UzbekistanPeugeotCitroenAutomotive ҚК Peugeot Citroen гуруҳи ва «Ўзавтосаноат» АК томонидан барпо қилинмоқда. Ҳужжатга кўра, янги корхона «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида, Тошкендан 200 км узоқликдаги ҳудудда қурилади. Завод Peugeot ва Citroen брендлари остида йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Устав капитали 30 миллион еврога тенг қўшма корхона ҳар икки томоннинг тенг улуши асосида фаолият юритади. Лойиҳа бўйича умумий инвестиция қарийиб 130 миллион еврога тенг.

Peugeot Citroen гуруҳи янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий қилишда ва мутахассислар малакасини оширишда кўмак кўрсатади. Завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати,  етказиб бериш ва савдо масалаларида Peugeot Citroen’нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб қилиш йўли билан биринчи йилнинг ўзидаёқ янги қўшма корхонада 50 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш  кўзда тутилган. Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» АК таркибида 30 га яқин йирик заводлар ва 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар айнан маҳаллийлаштириш дастури асосида иш олиб боради.

Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уларни юртимизда, шунингдек, узоқ ва яқин хориж давлатларидаги экспорт бозорларида сотиш режалаштирилмоқда.

«Енгил тижорат автомобиллари сегменти Ўзбекистонда ўзлаштирилмаган ягона транспорт воситасининг тури эди, — дея таъкидлади «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раисининг ўринбосари Рустам Юсупов. — Ушбу лойиҳанинг тадбиқ этилиши маҳаллий автомобиль саноати ривожида яна бир дадил қадам бўлади. Аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги қўшма корхона Ўзбекистон саноатининг янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади.»

«Ушбу лойиҳа бизнинг 5 йилликка мўлжалланган тараққиёт Дастуримизга тўла мос келади ва бу Peugeot Citroen гуруҳи учун енгил тижорат автомобилларининг савдосини ривожлантириш ва ҳудудий кенгайиш учун яна бир катта имкониятдир. Биз қўшма корхона ташкил этилишида асосий фактор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан қўллаб-қувватлашларини ҳамда ўзбек ҳамкорларимиз билан конструктив мулоқотни жуда юқори баҳолаймиз», — дея эътироф этди Peugeot Citroen гуруҳининг вице-президенти Кристоф Бержеран.