Америкалик дизайнер Дьюэйн Кинг 1972 йилда учирилган Pioneer 10 станцияси Ал-Дабаран томонга элтаётган «юлдузлараро мактуб»ни 200 нусхада чиқариш ниятида. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.

Foto: NASA

Фото: NASA

«Юлдузларга юборилган мазкур мактуб қачонлардир яратилган визуал материаллар орасида энг қойилмақоми бўлса ажаб эмас. Мен уни Ерга қайтаришни истайман», — дея таъкидлади Кинг мактуб нусхаларини тайёрлаш учун маблағ тўплаш кампанияси олдидан.

Ўзга цивилизацияларга мактуб водород молекуласи, эркак ва аёл тимсоллари, Қуёшнинг Галактика маркази ва 14 пулсарга нисбатан жойлашуви, шунингдек, Қуёш тизими схемаси ва қурилманинг сайёраларга нисбатан ҳаракати тасвирланган қаттиқ қотишмали пластинадан иборат.

Кинг 16 июнгача 200 та нусхани тайёрлаш учун жами 70 минг доллар тўплаш ниятида. Улардан бир қисми қўл меҳнати, қолгани лазер нури ёрдамида бажарилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда Pioneer 10 Ердан 15,4 миллиард километр узоқлашди ва сониясига 12,5 километр тезликда Ал-Дабаран юлдузи томон ҳаракатланмоқда. Олимлар қурилма у ерга 2 миллион йилдан сўнг етиб боришини тахмин қилди.