Туркия — Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар эса доимий ривожланиб келган. 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Туркия Ўзбекистоннинг муҳим ва йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади: ҳозирда Ўзбекистонда турк капитали иштирокида 441 та, жумладан, 100 фоиз турк капитали асосида 94 та қўшма корхона фаолият олиб бормоқда.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тошкентда 25 май куни Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 4-йиғилиши ташкил этилди. Йиғилиш Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ва Туркия бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш раислигида бўлиб ўтди.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Куннинг иккинчи ярмида икки мамлакат ишбилармонлари бизнес-форумда қатнашди. Йиғилиш ва форумда иштирок этиш учун, Туркия бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешдан ташқари, Туркия маданият ва туризм вазири, Туркия иқтисодиёт вазири ҳамда 175 нафар турк ишбилармонлари ташриф буюрди.

Тўққиз йилда биринчи марта

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Шу вақтгача комиссиянинг учта йиғилиши бўлиб ўтган. Энг сўнгги йиғилиш 2008 йил Анқарада ташкил этилган эди. Бу галги йиғилиш икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг янги босқичини бошлаб бериши анжуман қатнашчилари томонидан таъкидланди.

Рустам Азимов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга тўхталиб, бу соҳада инвестиция, туризм, молия, транспорт ташувлари устувор йўналишлардан эканини таъкидлаб ўтди.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ўзбекистон Туркияга электротехника, мис ва кабел маҳсулотлари, минерал ўғит, пахта толаси ҳамда ип калаваси, трансформаторлар, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, етказиб беришга тайёр. Ўз навбатида, саноат эҳтиёжларини қондириш мақсадида, Ўзбекистон Туркиядан замонавий технологик ускуналарни сотиб олиш истагида экани маълум қилинди.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Туркия бош вазирининг ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш икки мамлакат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 2016 йил ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиб берганини алоҳида таъкидлади. «Бўлиниб кетган тарихни тиклаш — бизнинг йўлимиз», — деди Йилдирим Туркеш.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасидаги 2016 йилги савдо айланмасининг 700 миллион доллардан ортиғи Ўзбекистоннинг экспорт ҳиссасига тўғри келади ва жорий йилнинг охиригача савдо айланмаси 1,4 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Ўзбекистонда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркия Экспорт-импорт банки томонидан 350 миллион доллар маблағ ажратилган.

Туризм ва визалар

Йиғилиш давомида туризм ва инвестицион лойиҳалар асосий муҳокамалар марказида бўлди. Туризмни ривожлантириш Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида кўрилмоқда. Туркиянинг туризм бўйича жаҳонда олтинчи, Еврпада тўртинчи ўринда туриши мамлакатнинг соҳага доир салоҳияти қанчалик улкан эканидан далолат. Шу жиҳатдан, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида Туркия билан кенг ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида Англашув меморандуми имзоланган. Айни дамда, янги ташкил қилинган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси ҳам Туркиядан таклиф қилинган. Келажакда ўзбекистонлик туризм мутахассисларини ва шу соҳани танлаган ёшларни Туркияда ўқитиш режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида Туркия томони туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистондан туркиялик сайёҳлар учун виза тартибини соддалаштиришни сўрамоқда.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бизнес-форум ва йиғилиш якунлари

Ўтказилган бизнес-форум доирасида енгил саноат, фармасевтика, қурилиш материаллари, электротехника товарларини ишлаб чиқариш, кимё ва бошқа саноат соҳаларида қарийб икки миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари белгиланди.

Йиғилишдан сўнг бўлиб ўтган брифингда Рустам Азимов ва Туғрул Туркеш икки мамлакат ўртасидаги алоқалар аҳамияти ва анжуман якунлари ҳақида баёнот беди.

Foto: “Daryo” / Madina Nurman

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши сўнгги тўққиз йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда. Бу жуда муҳим воқеа. Икки мамлакат президенти ҳукуматларга аниқ ва равшан топшириқ берган: Ўзбекистон ва Туркия алоқаларини барча жабҳаларда, аввало, иқтисодий, сармоявий, маданий ва бошқа йўналишларда кенг равишда ривожлантириш вазифаси қўйилган. Бугунги йиғилишда Туркия ҳукуматининг уч аъзоси иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Йиғилишда алоқаларимизнинг ҳуқуқий ва меъёрий асосларини такомиллаштиришни келишиб олдик.

Рустам Азимов, Ўзбекистон бош вазирининг  ўринбосари

Рустам Азимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ва узоқ ҳудудларида тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарни қуриш бўйича битимлар имзоланмоқда.

Молия ва банк соҳасида алоқаларни чуқурлаштириш ҳам йиғилиш кун тартибининг муҳим масалаларидан бири бўлди.

Туркия Ziraat Bank’ининг Ўзбекистонда тўлиқ операцияларини ўтказувчи филиалини очиш бўйича келишувга эришилган. Банкнинг нафақат Тошкентда марказий идораси бўлади, балки Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Ziraat Bank’нинг филиаллари очилади ва Ўзбекистонга келган турк ишбилармонлари банк хизматларидан худди Туркиядаги каби фойдалана олади.

Рустам Азимов, Ўзбекистон бош вазирининг  ўринбосари

Ўзбекистонни бой маънавий мероси, теран давлатчилик анъанаси, оқилона бошқарув тизими туфайли порлоқ келажакка эга қардош давлат сифатида кўрамиз. Мамлакатингиздаги барқарорлик ва фаровонлик минтақадаги тараққиётнинг кафолати бўлгани каби, минтақада иқтисодий ҳамкорлик тараққиётининг ҳам муҳим бир шартидир.

Жаноб Азимовнинг таъкидлаганидек, бугунги йиғлишда биз томондан уч нафар ҳукумат аъзосининг иштирок этиши Туркия томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорликка берилган кучли аҳамиятнинг исботидир. Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистон ва Туркиянинг ҳамкорлик истиқболи жуда порлоқ. Чунки барча соҳалар президентлар назорати остида турибди.

Йилдирим Туғрул Туркеш, Туркия бош вазирининг ўринбосари