«Истиқлол» санъат саройида машҳур тенор Андреа Бочеллининг концерти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Кучли ва ёқимли овоз соҳиби рэпертуаридан Macchine da guerra, Per amore, Ave Maria, Canto della Terra, Melodramma каби яккахон сингллар, Vivo per lei, The Prayer, Somos Novios, Because We Believe, What Child Is This, Bridge over Troubled Water каби дуэтлар, «Богема», «Трубадур», «Вертер», «Кармен», «Андрэ Шенье» каби опералардаги ариялар жой олган.

— Севган машғулотинг билан шуғулланиш эмас, шуғулланаётган машғулотингни севиш муҳимроқ, — деди Андреа Бочелли. — Бунга ўз ҳаётим давомида амин бўлганман. Ёшлигимда қайта куйлаб беришимни илтимос қилишганида бу соҳа менинг тақдирим эканини тушуниб етганман. Санъат туфайли шу даражага етдим. Ўзбекистонга сафарим давомида мамлакатингиз маданияти билан танишиш истагидаман.

Италиялик яна бир опера ва эстрада куйчиси Алессандро Сафинанинг чиқиши ҳам томошабинлар учун кутилмаган совға бўлди. У Ўзбекистонга яна келганидан мамнун эканини, севимли хонандаси Андреа Бочелли билан илк бор бир саҳнада куйлаш бахтига Тошкентда муяссар бўлгани бежиз эмаслигини таъкидлади.

Фото: ЎзА

А.Бочелли машҳур опера ариялари ҳамда энг оммабоп қўшиқларини ижро этди. Концерт Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ва Алишер Усмонов ҳомийлигида ташкил қилинди.