Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни « Хорижий инвестициялар иштирокидаги Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матнини Президент расмий веб-сайти эълон қилди.

Фото: UzDaily

Қарорга кўра, қўшма корхонанинг устав капитали 29,3 миллион еврони ташкил этади. Томонлар, шунингдек, жами қиймати 133,3 миллион евро бўлган «Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш шартларини белгилаб олди.

Лойиҳа Жиззах вилоятидаги «Жиззах» ЭИЗ ҳудудида амалга оширилади. «Жиззах» ЭИЗ ҳудудида завод қурилиши учун 45 гектар ер майдони ажратилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 майга қадар инвестиция лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади ва шу билан бир вақтда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон раҳбари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Peugeot Citroen Automotive S.A. ва «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида тузилган, Ўзбекистон ҳукумати томонидан UzPCA МЧЖга тақдим этиладиган хорижий инвесторнинг муайян мажбуриятларини ва давлат кўмаги бўйича чора-тадбирларни акс эттирувчи инвестиция битимини тасдиқлади.

Шавкат Мирзиёев лойиҳа иштирокчилари учун қатор солиқ ва божхона имтиёзларини ва преференцияларини тақдим этди.

UzPCA МЧЖ расмий дилерларининг чиқарилаётган автомобилларни таъмирлаш ва сервис хизмати бўйича хизматлари, шу жумладан, эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материаллар ҳамда уларни савдо тармоғи орқали сотиш қўшимча қиймат солиғисиз амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 май куни «Ўзавтосаноат» АК ва Peugeot Citroen гуруҳи ўртасида Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этиш бўйича келишув имзоланган эди.