Ҳамма эшитган қизиқ ҳангомадан бошлайман. Йўқолиб қолган бир килограмм гўштни мушук еб қўйди, деб иддао қилишди. Шу мушукни тарозига тортишди: роппа-роса бир килограмм. Мана энди савол: агар бу мушук бўлса, унда гўшт қани? Агар бу гўшт бўлса, унда мушук қани?

Равшан Ҳайдаров

Фото: ЎФФ

Футболга қизиқиш бўлса, бу кишини танимасдан иложингиз йўқ. Чунки сиз ўйинини кўришингиз мумкин бўлган барча жамоада ишлаб чиққан: «Пахтакор», Ўзбекистон ёшлари, олимпиячилари, миллийчилари...

Ҳайдаров айни вақтда Ўзбекистон U22 терма жамоаси бош мураббийи. «Пахтакор»дан 20 кун ичида истеъфога чиқди ва шу жамоани беришди. Шу жамоанинг мураббийи бўлган Жасур Абдураимовни эса «Пахтакор»га беришди — ротация. Равшан Ҳайдаров миллий терма жамоада Самвел Бабаянга ёрдамчи эканидан келиб чиқсак, U22 учун бутун Ўзбекистонда бошқа мураббий қуриб қолганми? Биринчи иши иккинчисига ҳалал бермайди дегувчилар бўлса, мақолани ўқишда давом этамиз ва…

…мушук ҳикоясига қайтамиз. Агар Ҳайдаров миллий билан бўлса, олимпиячилар қани? Агар олимпиячилар Хитойда бўлса, Ҳайдаров қани?

Хитой йиғини

Ўзбекистон U22 10—15 июнь кунлари Хитой йиғинида бўлди. 13-санада Хитой U22 га қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. ЎФФ матбуот хизмати Ҳайдаров жамоасининг Хитойга бориши ҳақида анча олдин маълум қилганди. Шундан кейин қайси футболчилар боради, ким билан боради — индамади. Хитойда ўйин бўлгани ва ҳисоб қанақалиги ҳақида ёзиши керак бўлгани учун ёзди. Бироқ ким ким ўйнади, ким гол урди — ёзмади. Гап эса мамлакатнинг иккинчи рақамли жамоаси ҳақида бормоқда.

Фото: ЎФФ

Бизга Равшан Ҳайдаров Теҳронга миллий терма жамоа билан учиб кетгани ва ўша жамоа билан Тошкентга қайтиб келгани маълум. Юқорида Ҳайдаровнинг Ўзбекистон U22 га устоз эканини ҳам билиб олдик. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, U22 Хитойга бошқа мураббий билан йўл олган. Айтайлик, Александр Мочинов билан (у аслида U19 бош мураббийи).

Яна ўша савол: мадомики Ҳайдаровнинг муҳимроқ юмушлари бор экан, Ўзбекистонда ундан бошқа мураббий йўқмиди? Ёки Ҳайдаровсиз ишлай олишига ишонмаса, Бабаянга термада нима бор? Унинг ёнида Виктор Жалилов, Григорий Колосовский, Деян Журжевич каби ёрдамчилари бўлса, шу тўрт кишининг ёнига бешинчиси нега керак, агар дарвозага 180 дақиқа давомида 1 та ҳам аниқ зарба бера олмайдиган аҳволда бўлсак?

Фото: ЎФФ

Терма жамоалар маркази

Ёпилди шу ташкилот. Нега ёпилди, кимга ҳалал берди бизга қоронғу. Шундан келиб чиқиб, Равшан Ҳайдаровни Ўзбекистон U22 га ким бош мураббий қилгани ҳам жумбоқ. Самвел Бабаян миллий терма тепасига келгач, Асқар Толибжонов бошчилик қиладиган Терма жамоалар марказидан ўз жамоасини ажратиб олган бўлиб, қолган барча термалар марказ зиммасида эди.

Asqar Tolibjonov — Terma jamoalar markazi (TJM) — chipta sotishga javobgar tashkilot direktori. Foto: O‘FF rasmiy sayti

Фото: ЎФФ

Мушук ҳикоясига қайтамиз. Агар Марказ йўқ бўлса, Толибжонов қани? Агар Толибжонов шу ерда бўлса, унда «Пахтакор»га ишга кириш учун ким ариза ёзди? Агар Толибжонов «Пахтакор»да ишламоқчи бўлса, Ҳайдаровни U22 га ким мураббий қилди?

Ҳайдаровга «Пахтакор» ўрнига U22 формуласини Абдураимовга U22 ўрнига «Пахтакор» формуласига кўпайтирсак, жавоби Толибжоновга Марказ ўрнига «Пахтакор» бўладими?

Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон U19 термаси билан 2015 йил ёшлар мундиалининг чорак финалига қадар етиб борганди. Осиё чемпионатида КХДР термасидан 0:5 ҳисобида енгилиб, ярим финалда тўхтаган. Ваҳоланки жамоани Сергей Лушчан шакллантирган, шунчаки унга «Бунёдкор» бош мураббийлиги таклиф этилгани учун, термадан воз кечган. Ҳозир эса ер бир марта айланиб келди, Лушчан клубидан истеъфога чиқарилди. Бу унга термадаги фаолиятини давом эттириш имконини бериши мумкинми? Ахир, Ўзбекистон U22 термасининг асосий футболчилари унинг тарбияланувчилари ҳисобланади. Мумкин, бироқ «Пахтакор» бошқа формула, «Бунёдкор» бошқа. Толибжоновга «Бунёдкор» эмас, ўзи хизмат қилиб ўргангани «Пахтакор» керак.

Хитой сафари керакми?

Равшан Ҳайдаровнинг U22 жамоаси 28 май куни Олмалиқ шаҳрида Россияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Ўзбекистонга Европада ном қозонган жамоанинг ташриф буюргани яхши. Учрашувни стадионда анчагина одам кўрди, «Спорт» канали трансляция қилди. Ташкилотчилик ва ғоя борасида гап сўз бўлиши мумкин эмас.

Фото: «Championat.asia»

Бироқ Хитойга сафар варианти шунинг ғирт акси бўлди:

  • Биринчидан, Ўзбекистон U22 Хитойга бош мураббийсиз борди;
  • Иккинчидан, улар қайтгунча Ўзбектистон чемпионатида тур бошланди;
  • Учинчидан, термага футболчиларини берган клублар азият чекди.

Равшан Ҳайдаров Хитойга бориши, кейин бемалол Теҳронга жўнаб кетиши мумкин эди. Агар Хитой сафари режаси пухта ишлаб чиқилганида.

ФИФА кунлари сабаб миллий чемпионатларда икки ҳафталик танаффус юзага келди. Бундан унумли фойдаланган Бразилиядан тортиб, Аргентинага қадар ўртоқлик ўйинлари, шу орқали пул ишлаш пайида бўлди. Осиё ва Европа мамлакатлари биттадан ўртоқлик ва расмий ўйинларда майдонга тушишга улгурди. Мана энди савол, U22 терма жамоаси шу икки ҳафта ичида Хитойга бориб, ўйинини ўтказиб келса бўлмасмиди? Бўларди, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Эвазига Ҳайдаров шогирдлари билан бўларди, футболчилар эса клуби ихтиёрига ўз вақтида етиб келарди.

14—15 июнь кунлари Ўзбекистонда тур бошланса-ю, 15 июнь куни Тошкентга учиб келган футболчилар қандай қилиб клуби сафида майдонга туша олади?

  • Биринчидан, футболчилар камида бир ҳафта давомида жамоадошлари билан машғулот ўтказмаган;
  • Иккинчидан, клуб мураббийлари бўлажак ўйинга ишлаб чиққан тактикадан бехабар;
  • Учинчидан, сафардан учиб келган футболчи 24 соатдаёқ тиклана олмайди. Гап мамлакатлари бир-бирига яқин бўлган ва ҳар икки соатда ўзаро рейслари бор Европа ҳақида эмас, Осиё ҳақида бормоқда.

«Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф» каби клублар терма жамоага футболчи етказиб бераётгани учун рағбатлантирилиши майли, ЎФФ томонидан ҳатто ёрдам ҳам берилмаслиги қизиқ. Ўн йиллар давомида мана шундай ғалати йиғинлар ўтказиб келган футболчилар Ўзбекистон миллий термаси ёки умуман ўзбек футболи учун оламни олиб бергани йўқ. Шунга қарамай, бизга эски қарашларга содиқ қолдик. Ўша футболчиларини термага бераётган клублар эса, ички чемпионатда катта қийинчиликка дуч келиб, қимматли очколарни йўқотмоқда. Европа формуласи эса ички чемпионатни ривожлантир, терма жамоа ўзи кучаяди дейди. Биз ишлаб чиқаётган формула эса терма учун ички чемпионатни ўлдириш. Шунинг ортидан термалар ҳам чалажон мана.

Ва энг асосийси, 15—19 июль кунлари бўлиб ўтадиган саралашда иштирок этадиган Ўзбекистон U22 термасини бор-йўғи 2018 йилги Осиё чемпионати кутиб турибди. Регламентга кўра, ҳар икки йилда ўтадиган қитъа чемпионати тўрт йилда бир марта Олимпиадага йўлланма беради. Яъни, ЎФФ узоқроқни кўриб, Токио—2020 Олимпиадаси учун тайёргарлик кўриши янада мантиқлироқ бўларди. Биз эса эски хатони такрорлашни бошладик. Хато қилиш айб эмас, уни такрорлаш айб деган экан қайсидир одам.

Чунки, Равшан Ҳайдаров U22 га йиғиб олган футболчилар Токио Олимпиадасида 23 ёшдан катта бўлиб қолгани учун иштирок эта олмайди. Токиода 1997—2000 йилда туғилган футболчилар Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши мумкин (агар йўлланмани қўлга кирита олсак, Рио—2016 йўлланмасини Самвел Бабаян деган мураббий юта олмаган, ҳозир ўша тажрибасини миллий термага улашмоқда). Шундан келиб чиқиб, асосий эътибор 2018 йилги қуруқ чемпионатга эмас, 2020 йилги Олимпиадага қаратилиши мақсадга мувофиқ (IMHO).

Токио—2020

1997—2000 йилда туғилган футболчилар сизга анча ёш кўринса, шу йил Европа лигасининг финалига қадар етиб келган Голландиянинг «Аякс» клубига назар солинг. 1995—1998 йилда туғилган футболчилар бутун Европани ўзига қарата олди. Улар ишни 2017 йилда бошламаган, бу муваффақиятга 7—8 йиллик меҳнати эвазига етиб келган.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон футболи ҳам Голландия, Германия, Бельгия каби футболи тараққий этаётган мамлакат йўлини чуқур ўрганиши, таҳлил қилиши учун ҳеч нарса ҳалал бермайди. Бунда Ўзбекистоннинг ҳамма ёш терма жамоасида ишлаб чиққан Равшан Ҳайдаров каби мураббийлар билан катта муваффақиятларга эришиш қийин. 10—15 йиллар давомида футбол мухлислари унинг имкониятлари ва потенциали ҳақида билиб улгурди. ЎФФ эса уни терма жамоаларга жалб қилишдан чарчаётгани йўқ.

Фото: ЎФФ

Равшан Ҳайдаров миллий термада Бабаянга ёрдамчи бўлса, Бабаян миллийдан ишдан кетиб қолса, Ҳайдаровга ёрдамчи бўладими? Миллийни шунда Виктор Жалиловга бериш керакми? Терма жамоалар марказига «Пахтакор»дан келган Асқар Толибжонов яна «Пахтакор»га қайтса ва юқоридаги каби ротациялар бўлса, футбол ўз ўқи атрофида айланиб қолаётгани оддиқ бир мантиқ, шундай эмасми? Бунда мураббийлар ва мутахассислар ўзгараётгани билан, одамлар ўзгармаяпти. Ўз қозиғимиз атрофида айланишимиз шу менимча.

Мушук ҳикоясига қайтамиз. Агар футболимизда ҳамма нарса жойида бўлса, унда катта ғалабалар қани? Агар эришганларимиз катта ғалабалар бўлса (ўсмирлар ва ёшлар футболида), унда Европада ўз ўрнини топиб кетган футболчилар қани?