Ўзбекистон раҳбарияти Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган тўққиз нафар ўзбекистонликнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни соат 10:20 да Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Айтекеби тумани Қорабутак посёлкасидан 20 километр масофада «Самара—Чимкент» автомобиль йўлининг 946-километрида Волгоград (Россия) — Чимкент (Қозоғистон) йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган икки қаватли Mercedes русумли йўловчи автобуси ағдарилиб кетган эди.

Автобусда жами 52 киши — 50 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 2 нафар Қозоғистон фуқароси бўлган. ЙТҲ оқибатида 9 киши (барчаси Ўзбекистон фуқароси) ҳалок бўлган, 18 киши жароҳат олган (17 нафари Ўзбекистон фуқароси, уларнинг 5 нафари Ақтўбе вилояти Айтекеби тумани марказий шифохонасига ётқизилган).

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жабрланганларнинг аҳволи ва ушбу ҳодиса билан боғлиқ бошқа масалалар ҳақида маълумот олиш учун бевосита телефон алоқаси ташкил қилган. Ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш учун Ақтўбе шаҳрига махсус самолёт юборилган (самолёт 23 июннинг ўзидаёқ Ўзбекистонга қайтиши кутилмоқда).

«Ўзбекистон раҳбарияти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилади ЎзА ахборотида.