Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган автоҳалокатда ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус рейс Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрига учиб кетди. Бу ҳақда «Дарё»нинг ишончли манбаси хабар берди.

Манбанинг маълум қилишича, жасадлар бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистонга олиб келиниши кутилмоқда.

Олдинроқ ФВВ Қозоғистондаги автоҳалокат қурбонлари жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўраётгани хабар қилинганди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистон ҳудудида юз берган ҳодиса оқибатида жабрланганлар аҳволи юзасидан ахборот олиш учун махсус телефон рақамлари (371-234-87-20, 371-234-15-26)ни ҳам ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Самара—Чимкент» йўлининг 946-километрида икки қаватли Mercedes автобусининг ағдарилиб кетиши оқибатида 52 киши, хусусан, 50 нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланган.

Ҳодиса натижасида тўққиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган (Ўзбекистон ТИВ қурбонларнинг исмларини эълон қилди), 17 нафари тан жароҳати олган. Жароҳат олган ўзбекистонликлардан беш нафари маҳаллий касалхонага ётқизилган.

Автобус нима сабабдан ағдарилиб кетгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, автоҳалокат жабрланувчилари ҳақидаги ахборот уларнинг қариндошларига етказилади.