Ўзбекистоннинг Қозоғистонда юз берган ЙТҲ оқибатида 9 нафар вафот этган, 7 нафар жабрланган ҳамда қолган 31 нафар фуқароси Ақтўбе шаҳар аэропортидан Тошкент шаҳрига 24 июнь соат 11:40 да олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари»

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги махсус ҳарбий транспорт самолёти жорий йил 23 июнь соат 19:40 да Нукус шаҳридан жабрланган ва вафот этган фуқароларни олиб келиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Ақтўбе шаҳрига учиб кетган ҳамда шу куни соат 23:00 да Ақтўбе шаҳар аэропортига қўнган.

Вафот этган фуқаро Музаффар Эргашев махсус тиббий автомашинада Жиззах вилоятига олиб борилади.

Вафот этган фуқаро Тоштемир Жумаев «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси кўмагида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар аэропортига етказилади.

Вафот этган 7 нафар фуқаро 24 июнь соат 12:40 да Мудофаа вазирлигининг самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келиниб, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида истиқомат қилувчи яқинларига топширилади.

Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дафн этиш маросимларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ёрдам кўрсатилади.

ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқароларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.

Қолган фуқароларга доимий яшаш жойларига етиб боришлари учун амалий ёрдам кўрсатилади.

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг маълумотига кўра, 2017 йил 22 июнь соат 10:20 да Ақтўбе вилоятида «Волгоград — Чимкент» йўналишида ҳаракатланаётган Mercedes русумли автобус йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Автобусда жами 52 нафар йўловчи бўлиб, улардан 50 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Қозоғистон фуқароси бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг 9 нафар фуқароси вафот этган, 7 нафар фуқароси жабрланиб, Айтикеб тумани шифохонасига ётқизилган. Воқеа жойида 10 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. 21 нафар фуқаро ЙТҲ оқибатида жабрланмаган.

Ўзбекистон раҳбарияти йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган тўққиз нафар ўзбекистонликнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.