Қозоғистонда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган андижонликларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

«Самара—Чимкент» трассасининг 946-километрида, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 22 июнь куни салонида 50 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган икки қаватли Mercedes автобуси ағдарилиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида тўққиз ўзбекистонлик, хусусан, Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Шоҳрухбек Алиев ва Ўлмасбек Қаҳҳоров вафот этган.

Уларнинг жасадлари 24 июнь куни пешинда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Фарғона шаҳар аэропортига олиб келинган ва аэропортдан вилоят масъуллари ҳамроҳлигида ўзлари туғилиб ўсган қишлоқларга етказилган. Шоҳрухбекнинг ҳам, Ўлмасбекнинг дафн маросимлари шу куни маҳаллий вақт билан 19:00 да бўлиб ўтган. Масъуллар томонидан дафн маросимларини ўтказиш жараёнларида амалий ёрдам кўрсатилди.

Асли бўзлик Шоҳрухбек Алиев 2017 йилнинг апрель ойида Россияга ишлаш учун кетган, 22 июнь куни уйга қайтиш учун Россиянинг Оренбург шаҳридан автобусга чиққан эди. 26 ёшли Шоҳрухбек оилали эди — ундан бир қиз қолди. Шоҳрухбек Алиев 24 июнь куни «Деҳқонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Завроқ» қабристонига дафн этилди.

1982 йили Марҳамат туманида туғилган Ўлмасбек Қаҳҳоров Россияга 2016 йил сентябрида, ишлаш учун кетган. Хабар беришларича, Қаҳҳоров Қозоғистон ҳудудида юз берган автоҳалокат натижасида ҳодиса жойида жон берган. Икки ўғил ва бир қизнинг отаси бўлган Ўлмасбек Қаҳҳоров 24 июнь куни Марҳамат туманидаги «Қўратепа» қабристонига дафн этилди.

Аввалроқ Қозоғистонда юз берган ЙТҲ оқибатида вафот этган наманганлик фуқаролар дафн этилгани ҳақида хабар берилган эди.