Қозоғистонда юз берган ЙТҲ оқибатида вафот этган Абдурасул Мўминовнинг жасади Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманига келтирилди ва дафн этилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Янгиқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Марҳумнинг жасади 24 июнь, шанба куни Фарғона аэропортидан масъул идоралар вакиллари ҳамроҳлигида Зарбдор қишлоғидаги «Янгиобод» маҳалласига келтирилди. Соат 19:00 да жаноза ўқилди ва қабристонга қўйилди. Ҳокимлик томонидан дафн маросимини ташкиллаш ва ўтказиш жараёнларида амалий ёрдам кўрсатилди.

«Янгиобод» МФЙ раиси Аҳмаджон Халиловнинг билдиришича, 1984 йилда туғилган Абдурасул Мўминов ўтган йил октябрида Россияга, Краснодар ўлкасига ишлаш учун йўл олганди. Ундан икки фарзанд — бир ўғил ва бир қиз қолди.

Шунингдек, Қозоғистондаги ЙТҲ оқибатида жабрланган янгиқўрғонлик яна бир фуқаро — «Қандиён» маҳалласида яшовчи, 1978 йилда туғилган Олимжон Насипов травматологик жароҳатлар билан Наманган шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилди ва зарур муолажалар кўрсатилмоқда.

Вилоятнинг Чуст тумани ҳокимлиги мутасаддилари маълум қилишича, Қозоғистондаги ЙТҲ оқибатида вафот этган, 1981 йилда туғилган Қудратали Турсуновнинг жасади ҳам Фарғонадан келтирилди ва 25 июнь, якшанба куни ўзи туғилиб ўсган Шўркент қишлоғидаги «Қайирма» маҳалласи қабристонига қўйилди. Қудратали Турсуновдан ҳам икки нафар фарзанд қолди.