Кичкина бола ёки ўсмир ўқишни хоҳламаса, уни фаррошлик касби билан қўрқитишади. Бироқ дунёда маълумот талаб қилинмайдиган касблар ҳам кўп, бу касблар ўргатилмайди ҳам.

LifeHacker ана шундай дипломсиз ишга қабул қиладиган қизиқарли касбларни тўплади. Улардан баъзилари шунчалик ажойибки, ҳозироқ резюме юборгинг келади.

Таомлар билан ишлаш

Диплом талаб қилинмайдиган касбларнинг биринчи гуруҳи фақат табиий иқтидор билан боғлиқ. Дегустатор бўлиш учун сезгир таъм билиш органлари ва таомларга бўлган муҳаббат талаб этилади. Энг кўп жалб қиладиган вакансиялар ширинлик ва у билан бирга ичиладиган ичимликлар билан боғлиқ.

Тортлар дегустатори

Кристоф Лаерманснинг кондитер фабрикаси кунига 2,5 килограмм ширинлик истеъмол қила оладиган одамни қидирган. Ишга жойлашиш учун тиббий дафтарча ва аллергиянинг йўқлиги талаб қилинган. Компания эса маош, фабрика маҳсулотларига чегирма бериб, спортзал учун тўловни ҳам амалга оширган.

Фото: LifeHacker

Чойни синаб кўрувчи

Чойни синаб кўрувчи (теа тастер) — бу чойларни татиб кўрадиган инсон. Бундай ходимлар компания маҳсулот партиясини харид қилишни режалаштирганда керак бўлади: улар етказиб берувчи қанчалик сифатли чой таклиф қилаётганлигини аниқлайди. Бунинг учун эса Ҳиндистон, Африка, Хитой ва умуман чой етиштирувчи барча мамлакатларга боришга тўғри келади.

Синовчи чой харид қилингандан кейин ҳам уни синаб кўради: унинг таъми етказиб берилгандан кейин ва фабрикада қадоқлангандан кейин ўзгармаганлигини текширади.

Саёҳатлар учун ишлаш

Албатта дегустатор бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Пакетчали чойни ноёб қадоқланмаган баргли чойдан ажрата олмаганлар бу касбга мос келмайди. Саёҳатчилик билан шуғулланиш эса камроқ табиий иқтидорни талаб қилади. Хоҳиш бўлса бас.

Туризм бўйича менежер

Махсус маълумот талаб қилинмайдиган анча кенг тарқалган вакансия. Айнан туризмдаги «қора» меҳнат исталган университет ўрнини босади.

Менежер мижозлар билан суҳбатлашади, турли мамлакатларнинг меҳмонхоналар ва гидлар бўйича таклифларини ўрганади. Бунда мижозлар кутган ҳолатлар қабул қилаётган томон имкониятлари билан мос тушиши лозим.

Дам олиш бўйича директор

One то Трип компанияси 18 ёшдан катта, чет эл паспортига эга бўлган ва инглиз тилини ўртача билган барча кўнгиллиларга дунё бўйлаб саёҳатни таклиф қилади. Саёҳатдан сўнг сафар ҳақида раҳбариятга эмас, бутун дунёга ҳисобот бериш: саёҳат тафсилотларини ҳикоя қилиш ва компания обуначиларига тавсиялар бериш керак бўлади.

Профессионал саёҳатчи

Дам олиш бўйича директор каби вакансия: инглиз тилини билиш, чет эл паспортига эга бўлиш, шунингдек, автив ва киришимли бўлиш талаб қилинади.

Талаблардаги қўшимча банд — шопингни хуш кўриш. Бундай инсон учун чегирмалар жумаси йил ҳодисаси бўлиши лозим.

Хобби орқасидан даромад қилиш

Хоббингиз билан шуғулланиш орқали даромад қилиш — фақат совун тайёрлаш ва буюртма асосида торт пишириш эмас. Кутилмаган вариантлар ҳам бор.

Автомобиль штурмани

Трофи-рейдларда штурман — бу экипажнинг «кўзи». Айнан у қайси йўналишда ҳаракатланиш лозимлигини билади, шунингдек, вақт ва ускуналарни кузатиб боради, спорт ҳужжатлари билан ишлайди. Бундан ташқари, машина тиқилиб қолган ҳолатларда штурман автомобилни чиқариб олиш учун электр чиғир, домкрат ва белкурак билан ишлайди.

Фото: LifeHacker

Бошланғич босқичда навигация асбоблари, мусобақаларни ўтказиш қоидалари, терминлар ва ускуналарни ўрганиш керак бўлади. Жисмоний тайёргарлик устида ҳам ишлаш зарур, чунки ботқоқликларда ҳаракатланиш осон эмас.

Штурман маоши бошланғич босқичларда катта бўлмаслиги мумкин, у ҳар бир аниқ мутахассиснинг тажриба ва обрўсига боғлиқ. Машҳур штурманларни йирик спорт жамоалари доимий ишга олиши мумкин. Штурман трофи-рейдлар кўпроқ ўтказиладиган дам олиш кунлари банд бўлади. Шунинг учун уни бошқа иш билан бирга олиб бориш мумкин.

Номсиз касб

Бу иш бекорчилик хоббиси бўлганлар учун.

«Срочноденги» компанияси HR-директори Александр Малафеев ҳикоя қилади: «Бир неча ой аввал Facebook’даги дўстларимдан бири ўзининг ижтимоий лойиҳаси доирасида вакансия эълон қилди. У мазкур вакансия учун ном ўйлаб топа олмади. Чунки ушбу лавозимнинг асосий вазифаси куни бўйи бўш офис столида ўтириш ва ҳеч нарса қилмасликдан иборат эди. Оддий фуқаро пул учун бундай синовга қанча вақт бардош беришини аниқлаш лозим эди. Вакансия учун талабгорлар етарлича бўлганлигини таъкидлаш жоиз».

Базмлар қироли

2016 йилнинг апрелида ЖойМЕ дастури «Базмлар қироли» лавозимига номзод қидирди. Мажбуриятлар: ўйин-кулги, модалар намойиши, кроссфит ва пойгалар ҳақида маълумотга эга бўлиш. Базмлар қироли мазкур тадбирларнинг барчасига қатнашиши, танишлар орттириши ва дастур фойдаланувчиларини жалб қилиши, шу билан бирга бизнесни ривожлантириш учун ҳамкорлар қидириши лозим эди. Бунда маълумот аҳамиятга эга эмас, бироқ исталган фейсконтролдан ўта олиш қобилияти керак эди.

Ёрдам берадиган иш

Одамларга ёрдам бериш касби ҳам бор. Масалан, эгалари сафарга кетган ҳайвонларга қараб туриш, эгалари банд бўлса, сайрга олиб чиқиш, тараб қўйиш ва ҳатто итни гапиришга ўргатиш.

YouDo.com сервисида қуйидаги ноодатий ёрдамчилар қидирилади:

- Ит ва мушукни дўстлаштирувчи одам.

- Кунига уч маҳал дори ичиш кераклигини эслатиб турувчи масъулиятли эркак.

- Оилавий кечада қариндошлар олдида севган қиз ролини бажара оладиган қувноқ қиз.

- Изоҳлар билан оригинал плей-лист тузиб бера оладиган меломан.

- Улкан пазлни охиригача йиға оладиган сабр-тоқатли одам.

Бундай соҳада карьера қила олмайсиз, бироқ ёрдам беришни яхши кўрсангиз, шу йўл билан даромад қилишингиз мумкин.

Юқорида келтирилган барча касблар бир ҳафтадан кам вақт ичида топилган ва бу диплом талаб қилинмайдиган лавозимларнинг ҳаммаси эмас.