Миллионерлар клубига қўшилиш учун лотереянинг бахтли чиптаси шарт эмас. Даромадларингизни қандай тақсимлашингиз қанча пул топишингиздан ҳам муҳимроқ. InsiderPro орзу қилишдан чарчаган ва бойиб кетиш учун барча имкониятларини ишга солишга тайёр кишилар учун 11 та тавсияни келтиради.

Фото: InsiderPro

  1. Даромадингизни оширинг

Фойда фақат катта бизнесдан келади деган фикр нотўғри. «Даромадингиз ва харажатингиз ўртасидаги фарқни ошира бориб, исталган компания каби фойда олишингиз мумкин. Шундан сўнг йиғилган маблағни узоқ муддатли молиявий мақсадлар учун йўналтириш мумкин», — дейди MoneyBoss молиявий блоги муаллифи Жей Ди Рот.

Ротнинг ғояси бўйича, ёрқин молиявий келажак учун жорий харажатларни жиддий чеклашга тўғри келади. Эр-хотиннинг иккиси ҳам ишлайдиган оилаларда битта маошга яшаб, иккинчисини йиғиш ва инвестиция киритиш учун фойдаланиш мумкин.

  1. 10 миллиондан бошланг

«10 миллиондан бошланг» — бу идрокни чалғитувчи ҳазил. Кишилар пуч хаёлларга берилиб, инвестиция киритишда жиддий хатоларга йўл қўяди. Уларга йўл қўймасликнинг энг яхши усули — бу режа тузиш ва унга амал қилиш.

Тинимсиз равишда позициялар очиш ва ёпишга шошилманг. Ишончли инвестиция режасини яратинг, унга инвестиция киритишда эринчоқлик қилманг ва вақт ўтиши билан миллионерга айланишингиз мумкин. Vanguard Research маълумотларига кўра, харид қилиб сотиб юборадиганларга қараганда харид қилиб, четга олиб қўядиганлар кўпроқ даромад қилади.

  1. Ўз иштиёқингизни бизнес-ғояга айлантиринг

Биргина қизиқиш билан узоққа бориш қийин. Оз вақт ичида омадга эришишнинг универсал сирлари ҳам йўқ. «Нима сизга чин дилдан ёқишини аниқлаб олинг, унда энг яхшисига айланинг ва бундан даромад қилинг. Сиз нафақат бой, балки бахтли инсонга айланасиз», — дейди молиявий масалалар бўйича маслаҳатчи Жозеф Карбон.

Фото: InsiderPro

Бунга Chipotle ресторани тарихини мисол келтириш мумкин. 1983 йилда ошпазлик мактабини тугатган бўлажак тадбиркор Стив Эллсда ўз ишини очиш ғояси пайдо бўлди. Ҳашаматли ресторан очиш учун маблағи етарли бўлмаган Стив отасидан бироз қарз олиб, кичкина қаҳвахона форматидаги биринчи Chipotle’ни очди. Биринчи ой давомида мингта буррито сотди: шу йўл билан унинг орзуси Мексика ошхонаси ресторанлари тармоғи Chipotle Mexican Grill’га асос солинди.

  1. Ҳозироқ бошланг

Бойлик баъзан математика ҳисоб-китобидир. Бироқ қанча маблағни қандай муддатга ва қайси жамғармаларга қўйишга тайёр эканлигингиз ҳам муҳим.

Ҳаммасини оддий калкулятор ёрдамида ҳисоблаб чиқиш мумкин. Дейлик, сиз бунга 25 ёшингизда киришдингиз, у ҳолда миллионларингизни 61 ёшда ишлаб топасиз. Кечроқ бошласангиз, кўпроқ тежаш ва кўпроқ инвестиция киритишингизга тўғри келади.

  1. Сабрли бўлинг

Бойликка қайси йўл билан кетаётганингиздан қатъий назар бунинг учун вақт талаб қилинади. Бизнесни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш — узоқ ва серҳафсала жараён. Математика нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, молиявий силжиш айнан кейинги йиллар юз беради.

Фото: InsiderPro

«Биринчи миллион кейингисига қараганда кўпроқ вақт талаб қилади», — дейди молиявий режалаштириш бўйича мутахассис, Simone Zajac Wealth Management Group ҳамкори ва Finance and Flips Flops блоги асосчиси Даниэль Зажак.

  1. Кўчмас мулкка инвестиция киритинг

Кўчмас мулкка маблағ киритиш — бойлик томон ишончли йўл. Бу мақсадда дастлаб яшаш қиймати пастроқ ҳудудларни танлаган маъқул.

Afford Anything молиявий блоги муаллифи Паула Пант кўчмас мулк портфелларини харид қилиш ортидан даромад қилади. У даромадли кўчмас мулк учун биринчи тўлов тўлаш учун етарли маблағ тўплашни маслаҳат беради. Бу тўловдан сўнг банк ҳисобингизда ҳам маблағ қолишини англатади.

Вақт ўтиши билан ипотека тўлиқ тўланади ва сиз унинг тўла ҳуқуқли эгасига айланасиз. Пант буни битта уйдан бошлаш ва миллионлар чўнтагингиздан жой олгунга қадар схемани яна такрорлашни тавсия этади.

  1. Ҳаёт тарзингизни ўзгартиринг

«Қўшним миллионер» бестселлери муаллифлари Томас Ж. Стенли ва Уильям Д. Данко кишилар қандай қилиб бой бўлганлигини ўрганди ва бу тадқиқот натижалари кишини ҳайратга солади.

Фото: InsiderPro

«Қимматбаҳо уйларда яшовчилар ва ҳашаматли автомобиллар ҳайдовчилар аслида унчалик бадавлат эмас. Биз кўплаб ғалати ҳолатларни аниқладик: масалан, кўпчилик бадавлат инсонлар ҳатто нуфузли кварталларда истиқомат қилмайди ҳам», — деб ёзади улар.

Муаллифлар юқори маош бу албатта юқори даромадни англатмаслигини аниқлади. Аслида эса кўп пул топганлар камроқ сарфлайди, қолаверса, улар консерватив турмуш ўртоқ танлайди. Бой бўлишни истасангиз, ишлаб топган даромадингизни охирги тийинигача сарфламанг, даромадингиздан кўп харажат қилишга эса асло йўл қўйманг.

  1. Бойликка босқичма-босқич эришинг

Биринчи миллионни қўлга киритиш учун қўшимча даромад керак. Таом ва квартирага зўрға етказсангиз, бойиб кетиш қийин. Миллионер бўлиш учун доҳий бўлиш шарт эмас, интизомли, меҳнатсевар ва ижодий инсон бўлиш етарли.

Фото: InsiderPro

Омадли тадбиркор ва бизнесмен Марк Кьюбан 12 ёшиданоқ даромаднинг турли манбаларини ўзлаштира бошлаган. Янги кеда харид қилиш учун чиқинди пакетларини сотган, мактабда эса марка ва тангаларни пуллаган.

Орзуга эришиш учун бўш вақтни қурбон қилишга тўғри келади. Миллионерларга бу биринчи навбатда тааллуқли.

  1. Маъносиз фикрлардан воз кечинг

Бойлик юқоридагилардан ташқари фикрлаш тарзидир ҳам. Шунинг учун маъносиз фикрлардан воз кечинг. Биринчи миллионни ишлаб топишингизни истасангиз, қуйидагиларни ҳисобга олинг:

- Ҳеч ким сиздан қазрдор эмас.

- Совғалар кутманг.

- Қарзга пул олманг. Бирор буюмга пулингиз бўлмаса, демак у сизга керак эмас.

- Чалғиманг. Мақсадингиз бойлик бўлса, нима бўлишидан қатъий назар унга қараб интилинг.

- Маълумот олиш кераклигини унутиб қўйманг. Керакли кўникмаларни орттиринг ва ўз ишингизнинг устасига айланинг.

- Қўшимча даромад манбалари билан шуғулланишдан эринманг.

- Бошқаларни ҳам унутиб қўйманг. Ола туриб, беришни ҳам билинг.

  1. Бирор нарса ўйлаб топинг

Ажойиб ғояларингиз кўп бўлса, улардан энг яхшисини танланг ва унинг асосида ўз бизнесингизни қуринг. Бу маҳсулот бўладими ёки хизмат — бунинг аҳамияти йўқ, кишилар у учун пул тикишга тайёр бўлиши етарли.

Beanie Babies яратувчиси Тай Уорнер юмшоқ ўйинчоқлар империясини барпо этди. У ўйинчоқларни чекланган серияда чиқариб ақлли иш тутди — бу уларнинг машҳурлиги ўсишига олиб келди. Forbes унинг активлари соф қийматини 2,7 миллиард долларга баҳолайди.

  1. Меросни ақл билан сарфланг

    Фото: InsiderPro

Кичикроқ мерос ҳеч нарсани ўзгартирмайдигандек туюлиши мумкин. Бироқ ушбу маблағни ҳам ақл билан тақсимлаб яхшигина даромад қилиш мумкин. Annuities HQ ҳамасосчиси Марк Жонстон-Рош пулларни бирдан сарфлаш фикри ўзига жалб қилишига қарамасдан, уларни инвестиция киритиш учун йўналтириш узоқни кўзлаб иш тутиш эканлигини таъкидлайди.