Борт кузатувчилари бизга биргина назар ташлабоқ, мушкул вазиятларда ўзимизни қандай тутишимизни, бизга алоҳида эътибор зарур бўлиш-бўлмаслигини ва умуман бизни бортга киритиш мумкин-мумкин эмаслигини тушуниб олишга қодир, деб ёзади «Лайфхакер».

Фото: «Маркетиум»

Улар биринчи навбатда қуйидагиларга эътибор беради:

Кўзга тик боқяпсизми?

Одатда кўз-кўзга тегишидан қочадиган одамлар қўрқаётган ёки асабийлашаётган бўлади. Йўловчи парвоз олдидан қаттиқ қўрқувни ҳис қилаётганини тан олмаслиги мумкин, аммо тажрибали борт кузатувчиси ҳар эҳтимолга қарши сизга кўз-қулоқ бўлиб туради.

Асабийлашяпсизми?

Ўзингизни ёмон ҳис қилаётганингизда кўзларингизни яширсангиз ҳам, қўлларингиз қалтирайди, терлайсиз ёки бошқа белгиларни намоён қиласиз, борт кузатувчиси эса бунга албатта диққатини қаратади ва зарур бўлганида сизга саросимани енгишда ёрдам беради.

Ҳушёрмисиз?

Сиз сармаст ҳолда паспорт назоратидан ўтиб олишга муваффақ бўлган бўлсангиз, бу сизни самолётга киришда қайтаришмайди, дегани эмас. Агар стюард самолётга ўтириш чоғида номувофиқ хулқ ёки тажовузкорлик белгиларини пайқаса, ширакайф саёҳатчини рейсдан четлатишлари мумкин.

Қандай жисмоний формадасиз?

Борт кузатувчилари бизга қараб, шошилинч эвакуация ҳолати юз берса, бошқа йўловчиларга ёрдам бера олиш-олмаслигимизни баҳолайди.

Саломга алик оляпсизми?

Йўловчи қанчалик хушмуомала бўлса, кутилмаган вазиятларда унга биринчи бўлиб ёрдам сўраб мурожаат қилишади.

Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Борт кузатувчилари сиз парвозни қандай ўтказишингизни олдиндан тушунишга ҳаракат қилади. Агар транспортга ўтириш пайтидаёқ ўзингизни ёмон ҳис қилаётган бўлсангиз, эҳтимол таваккал қилиш керак эмас.

Ҳомиладормисиз?

Маълум муддатдан кейин шифокордан парвоз учун рухсат берувчи махсус сертификат талаб қилинади. Шунингдек, баъзи авиакомпаниялар ҳомиладорликнинг сўнгги муддатларида учишни тақиқлайди. Борт кузатувчилари ҳомиладор саёҳатчиларга алоҳида эътибор билан ёндашиб, улар учун парвоздаги ноқулайликларни минималлаштиришга интилади.