#tour_de_clasico иштирокчилари 10 август куни Тошкент—Франкфурт йўналишида парвоз қилиб, Германиянинг иқтисодий пойтахтига етиб келди.

Фото: Flickr

Серқуёш ўлкадан йўлга чиққан жамоамиз уст-боши анчагина юпун эди. Франкфуртда бизни ёмғирли об-ҳаво қарши олди. Икки йил Мюнхенда таҳсил олган, кейинги олти йилини Штутгарт олийгоҳида ўтказган дўстим Мансур Жумабоев Франкфуртда бизга ҳамроҳлик қилди. Унинг айтишича, Германияда кўчага соябон билан чиққан маъқулроқ. Гарчи қуёш нур сочиб турган бўлса-да, қандайдир соатлар ичида шаррос ёмғир қуйиб бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Франкфурт Европага хос бўлган тарзда анча озода. Масалан, Куала-Лумпур ёки Жакарта билан солиштирганда осмонўпар бинолар сони Осиёнинг бу икки шаҳридан камроқ. Бироқ айнан озодалик масаласида Майн дарёси бўйидаги бу шаҳар кишининг ҳавасини келтиради.

Эътиборимни энг кўп тортган жиҳат Франкфурт трамвайи бўлди. Пойтахтимиз Тошкент учун трамвай эндиликда тарих. Самарқанд трамвай билан яқинда танишди. Агар кимдадир транспортнинг шу турига эътироз бўлса, шу инсон Франкфуртга ташриф буюриб, унинг афзалликлари билан танишишини истардим. У экологик тоза, на қолган транспортлар ва на одамлар қатновига халал беради. Чорраҳалар билан кесишган излари асфальт билан ҳамоҳанглик ҳосил қилганки, бунда сиз бевосита трамвай изларини босиб ўтганингизни сезмайсиз ҳам. Франкфурт аҳолиси бу транспорт туридан фаол фойдаланди — трамвай шаҳарнинг ажралмас бир қисми.

Франкфуртга ташриф буюрувчилар шаҳарни юқоридан томоша қилишни исташса, Маин Tower’га ташриф буюришлари мумкин. 200 метр баландликда жойлашган бу бинодан диққатга сазовор барча нуқталар кўринади. Бунда шу шаҳарга тегишли бўлган «Айнтрахт» футбол клубининг стадионини ҳам узоқдан кўриш мумкин.

Azimut Travel ва «Туризм» газетаси ташкил қилган тур иштирокчилари 10 августда куни билан Франкфуртда бўлди. Бугун — 11 август тушга қадар Франкфурт «Эски шаҳари»да бўлиш тур режасига киритилган. Шундан сўнг «Франкфурт—Барселона» йўналиши бўйлаб парвоз қилиш учун аэропортга йўл оламиз.