11 август тушдан ўтиб #tour_de_clasico иштирокчилари Франкфурт—Барселона йўналиши бўйлаб парвоз қилди ва 2 соат деганда қирғоқларини Ўрта ер денгизи сувлари ювиб турадиган Барселонага етиб келди.

Фото: «Дарё»

Франкфурт ва Барселона аэропортлари бир-биридан ер билан осмонча фарқ қилади. Бунда иккинчисида қулайликлар кам демоқчи эмасман, бироқ Франкфурт аэропорти нисбатан ҳар жиҳатдан замонавийроқ.

Барселона об-ҳавосига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Сиз аэропортдан чиқишингиз ҳамоноқ денгизга туташ иссиқ ҳудудларлар намгарчилигини ҳис қиласиз, аммо у сизни ортиқча қийнамайди, умуман. Майин эсиб турган шабода ўнғайсизликдан халос этиб, танангизга ўзгача завқ бағишлайди. Денгизнинг бир томони тоғли ҳудуд билан ўралгани Барселона иқлимини мўътадиллаштиради.

Фото: «Дарё»

Франкфуртда бўлгани каби Барселона осмонида ҳам қора булутлар сузиб юргандек эди. Бироқ бу ёмғир билан якунига етмади. Булутлар ҳавони ёқимли кўринишга келтириб, кейин тарқаб кетди.

Шаҳарда қилган биринчи ишимиз кўҳна Каталония мавзесига ташриф буюриш бўлди. Бунда биз кузатувчи хизматига эҳтиёж сезмадик. Барселона метроси Тошкент метросига жуда ўхшаб кетади. Ундан фойдаланиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Бунда чипта олиш масаласи, метро ичидаги савдо-сотиқ ва бошқа қулайликларнинг борлиги эътиборни тортади, қолгани худди ўзимизники каби. Тозалик ва чирой бобида Тошкент метроси билан беллашиш қийин, албатта. Метронинг асосий вазифаси одамларга қулайлик яратиш, уларни ортиқча тирбандликсиз ўз манзилига тезлик билан етказиш бўлса, Барселона метроси бу функцияни жуда яхши бажаради. Умуман, аэропорт, шаҳар манзараси, метро ва бошқа бир қатор масалалардан хулоса қилинса, барселоналиклар замонавийлик у қадар кетидан қувиб кетмаганини, балки ўзларига хос бўлган услуб ва унинг тарих билан ҳамоҳанглини хуш кўришларини тушуниш мумкин.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Нарх-наво ҳақида гап кетганида, Барселона Франкфуртдан анчагина арзон эканига гувоҳ бўлдик. Айниқса, Каталония кўчаларига жойлашиб олган ҳинд ва покистонлик савдогарлар дўкони яна ҳам қизиқроқ. Бу ерда савдолашиш, келишиш имконияти мавжуд. Савдо амалга ошиши учун улар бор кучи билан ҳаракат қилади, чунки рақобат анча кучли.

Каталония майдони чиройини сўз билан таърифлаш қийин. Бунда нафақат замонавийлик руҳи уфуриб турибди, балки унинг кўрки тарих билан чиройли уйғунлашган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Шаҳарнинг ҳар ерида «Барселона» футбол клубининг нафасини ҳис қилишингиз мумкин. Барселонадаги илк кундаёқ жамоа шаҳар аҳолисининг ҳаётида қандай ўрин тутишини билиб олиш мумкин. «Барселона» одамларнинг ғурури, ишончи, овунчоғи.

Бугун биз «Камп-Ноу» аренасига саёҳат қилишни, кейинроқ эса денгиз бўйига боришни режалаштирганмиз. Биз кутаётган «Эль-Класико»га эса бир кунгина вақт қолди.

Azimut Travel

Манзил: Самарқанд шаҳри, А. Жомий кўчаси, 65 уй

Телефон: +99895 5079469

Офис: +99866 2332666

Реклама бўлим: +99898 5731111

E-mail: sayohat@azimut.uz