«Камп Ноу»га экскурсия ҳақида ёзгандик. Бу ерда бўлишнинг ўзи катта бахт. Бироқ агар сиз ростмана ўйин учун ташриф буюрсангиз, қўшимчасига у «Эль-Класико» бўлса, бундаги эйфорияни сўз билан тасвирлаш қийин. Уни фақат ҳис қилиб кўриш керак.

Фото: «Дарё»

90 мингдан зиёд ишқибозни ўз бағрига сиғдира оладиган стадионга кириб олиш гўёки вақт оладигандек. Аммо ҳаммаси шу қадар чиройли йўлга қўйилганки, секторингизга пиёда бориш учун кетадиган вақтни айтмаса, стадионга киришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ҳамма нарса жуда яхши ташкиллаштирилган. «Барселона» мухлислари учун текин тарқатилаётган байроқлар, стадион атрофида сотилаётган атрибутлар «Камп Ноу»ни гўзал кўринишга келтиради.

Фото: «Дарё»

Футбол учрашувларига у қадар ташриф буюрмайдиган кишилар ҳам мана шундай стадионларда миллионлар ўйинига сеҳрланиб қолади. Бу ерда зерикиш, завқланмаслик, атрофдаги воқеаларга бееътибор бўлишнинг шунчаки иложи йўқ. Стадион ўз қаҳрамонларини қанчалик севиши, уларнинг «Реал» футболчилари-ю, Криштиану Роналдуга муносабати қадар эътибордан четда қолмайди. Диққатимни энг кўп тортган жиҳат, стадионда хорижлик мухлисларнинг кўп экани бўлди. Барселонадаги ҳар уч кишидан бири чет эллик бўлса, стадионда бу кўрсаткич иккидан бирга тенглашса ажаб эмас. Бу эса клубнинг фақатгина бир шаҳарга эмас, уни суйган кўпчиликка тегишли эканини билдиради. Иньеста айтганидек, стадион «Реал»га кўпроқ мухлислик қилмади, шунчаки Барселонада хордиқ чиқараётган кишилар орасидан мадридликларга ишқибозлик қилувчиларни ҳам исталганча топиш мумкин эди. Оддий мисол, биз билан саёҳат қилаётган мухлислардан ҳам икки нафари «Реал» ўйинини кўриш учун йўлга чиққанди. Ҳозир уларнинг қувончи чексиз.

Фото: «Дарё»

Қувончли тасодиф

Тасодифни қарангки, қарама-қарши секторда бошқа бир ўзбекистонликлар жой олганди. Фейсбук бизни таништирди, учраштирди. Шерзод исмли бухоролик ака 10 йиллардан буён Барселонада истиқомат қилар экан. Мана шу инсоннинг туғилган кунида «Барселона» асосий рақобатчисидан ҳар жабҳада енгилди. Акасидек бўлиб қолган инсонни кўриш учун бу ерга ташриф буюрган мезбонларнинг тошкентлик мухлиси ҳам мақсадига ета олмади. Бу футбол, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бироқ ўзга юртда ўз ватандошингни, ўз байроғингни кўриш бошқача бўлади. Бунда танишлилик даражаси эмас, бир тил ва бир макондан эканинг сени сониялардаёқ яқинлаштириб қўяди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Барселонада ўзбекча ош

Фото: «Дарё»

«Спорт» каналидаги фаолияти орқали бокс мухлисларига яхши таниш бўлган Икром Юсупов билан Барселонада кўришишни аввалдан ният қилиб қўйгандим. Кела олишимизга у қадар ишонқирамаган инсоннинг Жиронадан учиб келиши ва ҳаяжонини яшира олмаслигини кўрганингизда эди… Azimut Travel гуруҳининг барча вакиллари билан шу ондаёқ ака-укадек бўлиб кетган ватандошимиз билан «Эль-Класико» кунини тўлиқ бирга ўтказдик. Ўрта ер денгизида бирга хордиқ чиқардик. Кейин эса футболга қадар Барселонада ўзбекча ош тайёрладик.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Балки кўпчилик билмас, «Соккер клуб» кўрсатуви дунёга келишида мана шу инсон биринчилардан бўлиб катта ёрдам берган. Ҳозир бу кишининг ўғли Сардор Каталония чемпионатида тўп суради. Яқин келажакда унинг Ўзбекистон миллий терма жамоасида пайдо бўлиши мени умуман ажаблантирмаган бўларди. Сардор ўз клуби билан йиғинда бўлгани учун, у билан кўриша олмадик.

#tour_de_clasiko... Унинг ҳар бир кунида воқеалар, қизиқарли ҳолатлар, кишини ҳайрат кўчасига етаклайдиган эсдаликлар шунчалик кўпки, ҳаммаси тушга ўхшайди ёки биргина кун учун кўплик қилади. Барселонадаги 3 кун сабаб Франкфурт саёҳати худдики анча олдин бўлиб ўтгандек туюларди. Худдики биз бир неча соат ичида Барселонанинг бир қисмига айланиб қолгандек эдик.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Azimut Travel

Манзил: Самарқанд шаҳри, А. Жомий кўчаси, 65 уй

Телефон: +99895 5079469

Офис: +99866 2332666

Реклама бўлим: +99898 5731111

E-mail: sayohat@azimut.uz