Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати 25 август куни шаҳарда кекса кишиларга нисбатан жиноятлар кўпайгани муносабати билан қидирувга берилган қатор шахсларнинг алоҳида белгилари ҳақида ахборот эълон қилди.

Қидирувга берилган шахслардан бири ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эътирозларига сабаб бўлди. «Ёши 35—40 ларда, бўйи 170—175 сантиметр бўлган, сочлари қора, сийрак, олд тараф сочи тўкилган, ўрта гавдали, ўзбек ва рус тилларида яхши сўзлаша олади»ган шахснинг яна бир алоҳида белгиси сифатида «кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшаши» қайд этилган эди.

ИИББ хабарининг биринчи таҳриридаги фотоматериал.

Фото: «GUVD.uz»

Айнан «кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшаш» жумласи ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди, тармоқ фойдаланувчилари ИИББнинг бундай ахборотига қатъий норозилик билдирди.

Айни вақтда, ИИБнинг мазкур ахборотини киноя билан қабул қилган, унга ҳазил-мутойиба орқали муносабат билдирганлар ҳам талайгина.

Жамоатчиликнинг кескин муносабати, бу ҳақда интернет-нашрларда берилган хабарлардан сўнг, ИИББ гумонланувчи ҳақидаги фотоматериалдан «кийинишидан вилоятлик шахсларга ўхшаш» ёзувини олиб ташлади. Худди шу фотоматериалнинг русчасида гумонланувчи «яхши кийингани» қайд этилган.

ИИББдаги баҳсли хабарнинг русча талқини.

Фото: «GUVD.uz»

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ҳолатни-да эътиборсиз қолдира олмаган. «Яхши кийинган вилоятлик — милиционерлардан бир ‘комплимент’», — деб ёзган Twitter фойдаланувчиларидан бири.