Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум» МЧЖ томонидан заём бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда

Фото: Norma

Низомга кўра, заём бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни доирасида қабул қилинади.

Энг юқори миқдори энг кам иш ҳақининг 100 баробари (буюртманома бериш санасига) бўлган заём бир нафар касаначига ёки буюртмачига 3 йил муддатга берилади. Асосий қарзни қайтариш 6 ойлик имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади.

Заёмдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси Марказий банкнинг заём шартномаси тузиш кунидаги қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади. Фоизлар ҳар куни заём бўйича қарзнинг амалдаги қолдиғига ҳисобланади ва шартномада кўрсатилган жадвал бўйича сўндирилади.

Бунда мажбуриятлар таъминотининг қуйидаги турлари қабул қилинади:

Сотиб олинадиган товарлар (замонавий машиналар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун заём беришда);

Кўчар ва кўчмас мулк гарови;

Қимматли қоғозлар;

Тижорат банки ёки суғурта ташкилотининг кафолати;

Учинчи шахснинг кафиллиги;

Суғурта полиси.

Қуйидаги ҳолларда заём берилиши рад этилиши мумкин:

Зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;

Тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

Илгари берилган заёмлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги;

Буюртмачида солиқлар, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари ва хизматлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги.

Маълумот учун, Консорциум Тошкентда тижорат банклари томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг бошланғич устав жамғармаси 50 миллиард сўмни ташкил этади.