Самарқанд шаҳридаги «Ўзбекистон» маҳалласининг фуқаролари «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши» тўғрисидаги қонунда келтирилган ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, шаҳар ҳокимининг кўп қаватли бино қуриш борасидаги қарорини бекор қилишга муваффақ бўлди, деб хабар берди «1news.uz».

Фото: «1news.uz»

2017 йилнинг 24 апрелида «Ўзбекистон» маҳалласи раиси А.Бозоров маҳалла фуқаролини йиғиб, М.Саидова исмли тадбиркор ушбу ҳудудда уч қаватли бино қуришни режалаштираётгани ва аҳолининг бу борадаги фикри қандай эканлигини аниқлаш мақсадида мажлис ўтказган. Баённомага кўра, мажлисда 96 нафар фуқаролар йиғини вакилларининг учдан бир қисми иштирок этган ва тадбиркор маҳаллага навбатдаги кўп қаватли бинодан ташқари маҳалла учун янги бино қуришни ҳамда ҳудудни ободонлаштиришни ваъда берган. Бироқ ҳаммаси кутилганидек осон бўлиб чиқмаган.

«Бизнинг маҳалла гузаримиз 19 сотих жойни эгаллаган. Аҳоли ушбу ҳудудга ўз қўллари билан дарахтлар экиб уни ҳақиқий боғга айлантирган. Айнан шу ерда кўпчилигимизнинг оилавий байрамларимиз нишонланган. Кечаси шахмат ўйнаш учун бу ерга эркаклар тўпланишар, фавворалар атрофида аёлларимиз ва келинларимиз фарзандларини сайр қилдирар эди. Маҳалламиз уч бора республикадаги энг яхши дея топилган. Эндичи? Қурувчилар ҳеч қандай қонуний асоссиз, фақатгина ҳоким қарори бўйича бир ҳафтада 46 та манзалари ва мевали дарахтларни чопиб ташлади, фаввора ва ҳовузлари синдирди…», — дейди «Ўзбекистон» маҳалласи оқсоқолларидан бири, фалсафа фанлари номзоди Сайфулло Суюнов.

Маҳалла аҳолиси бунга нисбатан чора кўришга киришди. 250 нафардан ортиқ аҳолининг имзоси туширилган шикоят хати Ўзбекистон Президенти девонхонасига, вилоят ва шаҳар прокуратураларига юборилди.

Фуқаро М.Саидовага«Ўзбекистон» маҳалласидаги дарахтларни чопиш бўйича рухсат Самарқанд шаҳри ҳокими V.Раҳимовнинг қарори асосида 2017 йилнинг 20 июнида тақдим этилган бўлса, 30 июнь куни ҳокимнинг ўзи ушбу қарорни ижро этиш борасидаги барча тегишли ҳужжатлар текширилгунига қадар тўхтатиб қўйилганини маълум қилди.

«Ҳозирда шаҳар ҳокимининг бинони қурилиши бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарори қўлимизда ва биз ҳақиқат юзага чиққанидан хурсандмиз, бироқ бу етарли эмас. Бизнинг вайрон бўлган гузаримизни қайта тиклаб беришларини талаб қиламиз. Ҳисоб-китобларимизга кўра, умумий миқдорда 80 миллион сўмлик зарар етказилган. Бунга жавобгар шахслар ушбу маблағ эвазига гузарни қайта тиклаши, фаввора ва ҳовузларни қуриши, дарахтларни экиши лозим», — деди Сайфулло Суюнов.