Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси ходимлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг паспорт йўналиши бўйича барча мурожатларини ҳал қилиш юзасидан қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали махсус репортаж тайёрлади.

Фото: «Ўзбекистон 24»

«Хорижда таълим олиш ёки ишлаш мақсадида вақтинча истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам йўқ эмас, — дейилади материалда. — Ўзга юртда шахсни тасдиқловчи ҳужжатни йўқотиб қўйиш ёки уни яроқсиз ҳолатга келтириш муаммоли вазиятлардан бири. Хўш, бундай пайтда фуқаро қандай йўл тутиши керак? Бу савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Ўзбекистон Республикаси конунчилигига мувофиқ, чет мамлакатда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини йўқотган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, энг аввало, Ташқи ишлар вазирлигининг ўша давлатдаги консуллик муасасаларига мурожат қилиб, у ердан Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасини расмийлаштиришлари лозим».

Яна бир жиҳат, мазкур сертификат Ўзбекистондан доимий рўйхатдан чиқиб кетган фуқароларга ҳамда Ўзбекистон ҳудудидаги доимий рўйхати бекор қилинган фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилмайди. Қайтиш гувоҳномасини олиб, Ўзбекистонга қайтган фуқаро паспорт олиш учун ўн кундан кеч бўлмаган муддат ичида сертификатни доимий яшаш жойидаги Ички ишлар идораларига топшириши лозим бўлади.