Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимига саккизта давлат қўриқхонаси, битта биосфера резервати, иккита табиат миллий боғи, ўнта буюртма қўриқхонаси сингари қатор иншоотлар киради. Уларнинг умумий майдони 23,5 минг квадрат километрни ташкил қилади. Мақсад — ҳудудлардаги табиий ландшафтларни сақлаб қолиш, мавжуд флора ва фаунани авайлаб асраш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш орқали экологик ҳолатни яхшилаш. Шулардан бири денгиз сатҳидан 800–4000 метр баландликда жойлашган Уғом–Чотқол миллий табиат боғидир.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Ҳозирда бу ерда ҳайвонот дунёсининг 230 тури мавжуд. Уларнинг 38 хили Ўзбекистон ва жаҳон қизил китобларига киритилган. Қушлардан лочин, болтаютар бургути, қумой, алп зағчаси сингарилар шулар сирасидан ва улар муҳофаза остига олинган.

«Ўзбекистон 24» телеканали боғ ҳақида лавҳа тайёрлади.

«Узоқ кутилган фурсатдан кейин, ёввойи табиат бағрида яшовчи Тяншан қўнғир айиғи эътиборимизни тортди. Ҳозирги кунда ушбу биосфера қўриқхонасида ёввойи ҳолда яшаётган 160 бошга яқин айиқ борлиги аниқланган. Мазкур табиат боғи бошқа жонзотларнинг яшаши учун ҳам қулай маскан ҳисобланади», — дейилади лавҳада.