Фарғона вилоятининг бир қатор туманларида уй-жойга эҳтиёжманд оилаларга янги уйларни топшириш тадбирлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Уй топшириш маросимлари Олтиариқ туманида ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Туман ҳокимлиги ва фаоллари иштирокида ўтган тадбирда мамлакатда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги, ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди.

Янги уйларнинг эгаларидан бири — биринчи гуруҳ ногирони Уливер Фозилова. У ёлғиз фарзандини ўзи тарбиялаб келмоқда. У 15 йилдан буён онасининг 3 хонали уйида акаси, келинойиси билан истиқомат қиларди. Бешариқ туманида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қуриб битказилган икки қаватли уйдан 3 хонали хонадон калити унга тантанали равишда топширилди.

Данғаралик Ғофуровлар имконияти чекланган бўлишига қарамай, оилавий касаначилик билан шуғулланади. Қундузхон II гуруҳ, турмуш ўртоғи Саиджон III гуруҳ ногирони. Оилага вилоят ҳокимлиги томонидан берилган тикув машинасида уй пардалари, рўзғор буюмлари тикиб, даромад топмоқда, дейилади ЎзА хабарида.

Данғара туманининг Навбаҳор маҳалласида қуриб битказилган 2 қаватли, 16 хонадондан иборат арзон уйларни эгаларига топшириш маросими ҳақиқий шодиёнага айланди, деб ёзмоқда ЎзА.