Қирғиз ва ўзбек ошпазлари икки қўшни ва қардош халқлар ўртасидаги халқ дипломатиясини янада мустаҳкамлашга қўлдан келганча ўз ҳиссасини қўшади. Бу ҳақда Қирғизистон Ошпазлар уюшмаси раиси Шуҳрат Шарипов маълум қилди, деб ёзади «Кабар» ахборот агентлиги.

Фото: Trend

«‘Ўзбегим’ биринчи халқ анъаналари халқаро фестивали доирасида Гиннеснинг Рекордлар китобига кирган мегапалов тайёрланиши жараёнини катта қизиқиш билан кузатдик. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ютуғидан хурсандмиз ва уларга пазандалик соҳасида муваффақиятлар тилаб қоламиз», — деди у.

Қирғиз ва ўзбек ошпазларининг бундан кейинги ҳамкорликлари борасидаги режалар ҳақида гапирар экан, Шарипов шу йилнинг августида Ўшда андижонлик ҳамкасблар иштирокида палов фестивали ўтказилганини айтди. «Энди октябрда Андижонда жавоб фестивали бўлиб ўтади, унда қирғиз ошпазлар ўзбек ҳамкасблари билан палов пишириш бўйича беллашади», — деди у.