«Касперский лабораторияси» раҳбари Евгений Касперский 27 сентябрда ўтказиладиган эшитувларда иштирок этиш учун АҚШ Конгрессига таклиф этилди. Бу ҳақда Вакиллар палатаси фан, коинот ва технологиялар қўмитаси маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».

Евгений Касперский.

Фото: «РИА Новости»

«Таклиф учун миннатдорлик билдираман ва мазкур қўмитада кўрсатма беришга тайёрман. Тезлаштирилган тартибда виза ололсам, компаниям ва унинг маҳсулотларига тааллуқли айбловларга ошкора жавоб бериш ниятидаман», — деб таъкидлади Касперский. 

АҚШ расмийлари «Касперский лабораторияси»ни Россия разведкаси билан алоқаларда айблади ва давлат муассасаларидан 3 ой муддатда унинг дастурларидан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилди. Бироқ бу айбловларга асос бўлган далиллар келтирилмади. 

«Касперский лабораторияси» айбловларни рад этди ва ҳеч қачон ҳукумат билан ҳамкорлик қилмагани, сиёсий вазият таъсирида илгари сурилган айбловларнинг асоссиз эканлигини исботловчи маълумотларни тақдим этишини билдирди. Компания мазкур қарор устидан шикоят бериши мумкин.