Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг маълум қилишича, у ўзининг турмуш ўртоғи Присцилла Чан билан биргаликда яқин 1,5 йил ичида компаниянинг ўзларига тегишли 75 миллионта акциясини сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Цукерберг Facebook’даги саҳифасига ёзиб қолдирди, деб хабар берди «ТАСС».

Фото: AP

«Мен илм-фан ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги (хайрия) ишларимиз учун Facebook’нинг 35 миллионтадан 75 миллионтагача акциясини яқин 18 ой ичида сотишни режалаштирмоқдаман», — деб ёзади Цукерберг. Шу билан бирга, у компаниянинг директорлар кенгаши устидан назоратни камида яна 20 йилга сақлаб қолишни режа қилаётганини таъкидлади.

2015 йили Цукерберг ва Чан умрларининг охирига қадар Facebook’нинг ўзларига тегишли барча акцияларини хайрия йўлида тарқатиб юборишни ваъда қилган эди.

Facebook — дунёдаги етакчи ижтимоий тармоқлардан бири. Унга 2004 йилнинг 4 февралида Цукерберг ва унинг ўша вақтда Гарвард университетида бирга ўқиган курсдошлари томонидан асос солинган. Ижтимоий тармоққа ҳар ойда 2 миллиарддан ортиқ одам киради. Ҳозирда Цукерберг компания раҳбари ҳисобланади, Forbes журнали унинг капиталини 70 миллиард доллардан ортиққа баҳолаган.