Қозоғистон суди ўзбекистонлик тўққиз кишининг ўлимига сабабчи бўлган ЙТҲда айбдор деб топилган ҳайдовчини беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Диапазон» нашри хабар бермоқда.

Фото: «Диапазон»

Икки қаватли автобус тескари йўлга чиқиб кетиб, ағдарилиши оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди. Транспорт воситаси ичида икки ҳайдовчи ва 49 йўловчи бор эди. Йўловчиларнинг деярли барчаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлар эди. Уларнинг 20 нафари жароҳат олди.

Автобусни Жамбул вилояти вакили бўлган ҳайдовчи Леонид Еремеев бошқариб кетаётган эди. У ўша заҳотиёқ ҳибсга олинган эди, лекин суд ҳукми энди ўқилди.

Суд вилоятнинг Айтекебий туманида ўтказилди. Айбланувчи ЙТҲ тафсилотларини гапириб бераркан, машинани бошқариб кетаётган пайтда ухлаб қолганини тан олди.

Унинг шериги, иккинчи ҳайдовчи ҳар тўрт соатда алмашиб туришганини хабар қилди. Шунга қарамай, Еремеев ухлаб қолган.

Леонид Еремеев етти йил давоми автотранспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шунингдек, у суд жараёнига сарфланган 699 минг тенге пулни давлатга тўлаб беради.