6 октябрь тонгида Россиянинг Владимир вилоятида автобус ва поезд тўқнашуви оқибатида жароҳатланган ўзбекистонликларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тезкор тиббий гуруҳ Россия Федерациясига учиб кетди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Гуруҳга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев бошчилигидаги малакали жарроҳ, нейрожарроҳ, травматолог, ортопед, реаниматолог-анестезиолог, невролог каби мутахассислардан таркиб топган. Улар зарур тиббий воситалар, дори-дармон захиралари билан етарли даражада таъминланган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун захира ўринлари тайёрланди. Қўшимча дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томони жабрланганларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатаётган Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан автоҳалокат оқибатида жароҳатланган ўзбекистонликларнинг ҳолати ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар бўйича ўзаро маълумот алмашиб турибди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг Владимир вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни Мудофаа вазирлиги самолётида Ватанга қайтариш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиш ҳақида кўрсатма берди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари ЙТҲга учраган фуқароларнинг шахсини аниқлаш бўйича тегишли ишлар олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни Россиянинг Владимир вилоятида автобус ва поезд тўқнашуви юз берган, оқибатда автобусда бўлган 56 нафар ўзбекистонликдан 19 нафари ҳалок бўлган эди.